Шаҳзоданинг либосларини кимлар кияди? - BBC O'zbek
Актриса ва дизайнер Шаҳзода Муҳамедова Москва шаҳрида ўтказилган " Россия модаси" фестивалида илк бора ўз либослари кўргазмасини намойиш этди. - Менинг либослари асосан оқшом ва саҳна либослари, менинг услубим шу. Ўзим актриса бўлганим учун мижозларим кўпроқ шундай буюртмалар беришади. Оддий, классик кийимлар тикмайман. Либосларим балки қимматроқдир, аммо ҳаммага ёқаяпти, - деди Шаҳзода Муҳамедова Би-би-си Ўзбек хизматига берган интервьюсида. Дизайнер сифатида фестивалда иштирок этган актириса чиқишлари муваффақиятли бўлганидан мамнунлигини билдирди . - Айниқса, Россия мода оламининг устаси Вячеслав Зайцевнинг ўз қўлларидан китобларини олганимдан жудаям хурсанд бўлдим. Ёшлари улуғ киши ўтирган жойларидан саҳнага қийналиб чиқиб, мен учун шу совғани берганларидан бахтиёрман. Шунингдек, Шаҳзода Муҳамедова Москвада ўзбекларнинг кўплигини кўрганидан таажжубланганини айтди. "Россияда бизни ҳамюртларимиз шунчалик кўп деб ўйламагандим", дейди актриса. Дизайнернинг кийимларининг ўртача нархи 1000 долларни ташкил этаяпти. Кузатувчилар бу нархдаги либосларни Ўзбекистонда ҳамма ҳам кия олмаслигини айтади. Уларга кўра., Россиядаги ўзбекистонлик мигрантлар ҳам уларга харидор бўлолмайди. Шаҳзоданинг либослари Ўзбекистонда ҳам, Россияда ҳам фақат хос тоифа - бадавлат мижозлар учун бўлиб қолаётгани айтилади. Би-би-си Ўзбек хизматининг видеоларини www.bbcuzbek.com да ҳам кўришингиз мумкин.