O'rgatib bo'lmaydigan ilm | Ўргатиб бўлмайдиган илм

15.04.2015
Басра шаҳрида бир киши бор-будини ёлғизгина ўғлининг яхши таълим-тарбия олиши учун сарфлар экан. Ёш йигит неча йиллар мобайнида номдор илм даргоҳларида энг машҳур устозлардан таълим олибди. Ниҳоят, бола уйга қайтибди. Кекса­йиб қолган отаси унга пешвоз чиқибди, ўғлининг кўзларига тикилиб, кўнгли тўлмабди ва: – Ўғлим, нималарни ўргандинг? – деб сўрабди. – Отажон, ўргатилиши мумкин бўлган барча нарсани ўргандим, – деб жавоб қилибди ўғил. – Лекин ўғлим, сен ўргатиб бўлмайдиган нарсани ҳам ўргандингми? Бор, ўргатиб бўлмайдиган нарсани ўрганиб кел, – деб ота уни ортига қайтарибди. Йигит устозининг ёнига қайтиб, отасининг талабини айтибди. Шунда устози жавоб ўрнида: – Мана бу тўрт юз қўйни олгин-да, сони то мингтага етгунча тоғларда яша, – дебди. Йигит қўйларни олиб тоғлар бағрида чўпонлик қила бошлабди. У ҳаётида биринчи марта сокинликка дуч келибди. Ҳеч суҳбатдош тополмай сиқилган вақтларида қўйларга гапирар, улар борлигидан ҳам тас­кин оладиган бўлибди. Йигит секин-аста ўзидаги “мен”ни, манманликни, ғурурни унута бошлабди… Бора-бора сокин ва ҳокисор инсонга айланибди. Унда сабр­лилик ва донишмандлик белгилари пайдо бўлибди. Орадан икки йил ўтиб қўйларнинг сони мингтага етгач, у устозининг ёнига қайтиб бориб ҳурмат билан таъзим қилибди. Шунда устози: – Мана энди ўргатиб бўлмайдиган нарсани ҳам ўргандинг, – дебди. Тошкент Ислом институти талабаси Дилафруз САЛОҲИДДИН қизи тайёрлади. “Ҳидоят” журналининг 2011 йил, 6-сонидан олинди.

Похожие видео