ИЙМОН 100 ФОИЗЛИК ИШОНЧ БЎЛИШИ КЕРАК \\\ IYMON 100% ISHONCH BO'LISHI KERAK (DIN FAXRI)

01.09.2020
#DINFAXRI Иймон ҳаётингизда кўринсин •┈┈❀┈┈•┈┈••❁✿❁••┈┈•┈┈❀┈┈• Ҳеч бир ақлсиз жонли ҳайвон ўзини бу дунёга нима учун келганини фикрламайди. Инсон эса, бу ишга қодир, чунки унинг ақли бор. Агар инсон ҳам бу йўлда фикрламаса, унда ақлнинг бор ёки йўқлигидаги фарқ қаерда қолади?! Энг кам фикрланадиган, баҳс қилинадиган, мулоҳаза юритиладиган мавзулар қаторига иймон мавзуси ҳам киритилди. Чунки биз иймон нима эканлигини ёки жуда яхши тушунамиз ёки бунга бепарво бўламиз. Худдики бу мавзу бизга тааллуқли эмасдек. Албатта, ўз устида баҳо берадиган инсон ўзида бу иккисидан қайси бири мавжуд эканлигини яхши билади. Баъзида авратини ёпган муслималарга ва соқол қўйган мусулмонларга қарата иймон қалбда бўлиши керак, деган жумлаларни танқидий маънода ишлатишади. Худдики улар бу ишлари учун айбдор ва бу айтилган гап билан уларнинг айби исботлангандек гўё. Иймон қалбда бўлиши рост, лекин шу иймон сўзга ҳам кўчиши ва бутун бир ҳаётида қиладиган ишларида кўриниши керак эмасми? Исломга иймоннинг қуруқ даъво эканлиги ёки Ислом талаб қилганидек ҳақиқий маънодаги иймон эканлигининг бир-биридан катта фарқи бор. Икки ҳолатнинг ҳам ўз натижаси ўша инсоннинг амаллари ва ҳаётида кўриниши маълум. Ҳақиқий иймон шундай нарсаки, у инсонни ўз ҳолича яшашга ташлаб қўймайди. Аксинча бу иймонга зид бўлган ҳар бир нарса учун инсон қийналаверади. Шу иймон талаб қилганидек яшамаса, ҳар бир амалини шу иймон талаб қилганидек бажармаса, қалби хотиржам бўлмайди, аксинча изтиробланаверади. Иймон ақидага нисбатан ишониш эканлиги барчамизга маълум. Иймоннинг бошқа ишончлардан фарқи шуки, иймон қатъийликни талаб қилади. Яъни иймон 100 фоизлик ишонч бўлиши керак, 1 фоиз гумон бўлса ҳам иймон бўлмайди. Бу ҳолатга етиш учун эса, албатта ақл юритилади, тафаккур қилинади, ҳис қилинадиган далиллар ёрдамида исботланади ва натижа қатъийга айланади. Тўғри, ғайб нарсалар ҳам бор, лекин бу нарсаларга иймон келтириш шу нарсаларнинг манбаларига келтирилган ақлий иймон асосида бўлиши шарт. Аллоҳнинг борлигига ақлий иймон келтирганмиз ва энди Аллоҳнинг оятларида бизга билдирилган ғайблар нақлий етказилган бўлса-да, манбасига келтирилган ақлий иймонимиз шу ғайбларга келтирадиган иймонимизни ақлий асосдаги иймонга айлантиради. Иймоннинг қалбга жойланиши ақл ёрдамида бўлади. Бунинг бошқача йўли йўқ. Бошқа йўл мукаммал иймонга етказа олмайди. Бўлгани виждоний, тақлидий бўлиши мумкин холос. Лекин ҳақиқий иймон ақлий йўл билан келтирилиши шарт. Агар биз шундай мукаммал иймонга эга бўлсак, бу иймон юқорида айтганимиздек, амалларимизга, яъни ҳаётимизга таъсир кўрсатмай қолмайди. Шунинг учун ҳаётимизга назар солайлик, фикрлайлик, иймонимиз мукаммалми ёки нуқсонлари борми, текшириб кўрайлик. Иймонли эканлигимизни даъво қилсак-да, яшашимиз кофирларнинг яшашидек бўлиб қолмасин. Бунинг учун эътиқод қилаётганимиз Ислом ақидасини мукаммал тушунишга ва шу ақидани ўз ҳаётимизга асос қилиш учун ҳаракат қилайлик.

Похожие видео