Нилу – Сурхондарё вилоятидаги гўзал тоғлар қўйнида жойлашган мафтункор қишлоқ | Borib ko'ramiz HD
"Бориб кўрамиз" кўрсатуви "Дунё бўйлаб" телеканали Нилу – Сурхондарё вилоятидаги гўзал тоғлар қўйнида жойлашган мафтункор қишлоқ. Одамлари дилкаш, хушмуомала. Тор кўчалар бўйида қад тикиб турган уйлар тоғлиқларга хос пастқам, лой сувоқ бўлса-да, ҳовлилари ораста, хоналар дид билан безатилган. Қишлоқ аҳли чорвачилик билан шуғулланади, мева-узум етиштиради. Асалари парваришлайди. Агар ёдингизда бўлса, янги йилда Сурхондарё тарафларда илк бойчечак Нилуда бўй кўрсатгани ҳақида хабар ҳам берган эдик. Эсласангиз Сариосиё тумани ҳокимлигининг ахборот хизмати раҳбари Муродбек Давлатов маълумоти асосида узатган хушхабарда бодом ва қоқи ҳам гулга энгани, наъматак ниш урганини айтган эдик. Кўкламолди баҳор ифорини, қоқи ва бойчечакни излаб Нилу қишлоғига отландик. Табиат мўъжизасини қарангки, узоқ йўл босиб, зумрад қор қўйнидаги яшилликка дуч келдик. Оппоқ қорни ёриб чиқаётган қоқи гулларини, уйғониб қолган ўрик, гилос ва ҳали мудраб турган олма, нок каби дарахтларни учратдик. Ҳар қалай биз келган куни Нилуда гўёки зумрад қиш кўкламга ўз ўрнини бўшатиб бермаслик учун курашаётгандек, қалин туман эса қишлоқни биздан яширишга интилаётгандек таассурот уйғотди. – Табиатнинг бундай сиру синоатига кўникиб қолганмиз, – дейди Нилу маҳалласи раиси Абдуҳофиз Маҳмудов. – Бизда шунақаси бўлиб туради. Гоҳо янги йилнинг илк ойлари илиқ келиб, адирларимиз эрта уйғонади. Ўшанда бойчечак, қоқи бўй кўрсатиб қолади, ўсимликлар ниш уради. Кейин Наврўз олди ёққан оппоқ қор тагида қолади. Гилос, ўрик, шафтолини совуқ уради. Бу йил ҳам шундай бўлди. Ҳа, демай бу қорлар эриб кетади. Ризқи бут элмиз, насиб, бу йил ҳам дастурхонларимиз тўкин бўлади... Енгил машинамиз қор эруви бошланган тоғ бағридаги қия йўлдан фақат тепаликка ўрлайди. Мафтункор қишлоқнинг табиати ҳақидаги гурунгимиз унинг ўтмишига боғланиб кетади. Нилуда илк марта бўлишимизданми, ё гурунгнинг зўридан ёки бетакрор табиати, ноёб тарихиданми, ишқилиб бу гўша бизнинг қизиқишларимизни янада оширди. Шу ерлик кексаларнинг айтишича, Нилу – ўз номига монанд ҳавоси тоза, табиати мусаффо макон. Қишлоқ 3 минг 500 йилдан ортиқ тарихга эга. Ва яна айтишларича, ўз даврида Мулла Абдукарим охун тоғли Дебодом қишлоғидан келиб бу ерда жоме масжиди барпо этган. Масжид ҳовлисидаги икки метрча чуқурликдаги ҳовуз, унинг бир тарафида асрлар оша кўкка ўрлаётган тут, бошқа тарафидаги осмонўпар чинор дарахтининг ўз тарихи бор. Суви қишда илиқ, ёзда муздек ҳовузда ширмойи балиқлар қўним топган. Нилуликлар сокин ва сирли бу гўшанинг нафақат гўзал табиати, мусаффо ҳавоси балки, оғиздан-оғизга ўтиб келаётган мўъжизакор кечмиши билан ҳам фахрланади. Ривоятларга кўра, Мулла Абдукарим охун Нилуга келиб ҳозир тут дарахти ўсиб турган ерга уловининг хадачўпини қаттиқ суқиб олгач, шу ерда тут кўчати ўсиб чиққан. Икки қатор қалин пахса девордан қурдирган жоме масжид ҳам ўзига хос услубда барпо этилган. Унинг меҳроб тарафидаги деворига одам бўйи баландликда иккита кўза ўрнатилган. Айтишларича, бу кўзалар имомнинг овозини кучайтириб, мачитнинг тўрт