Ангреннинг Гумбаз бобо ва Эрвали бобо мақбарасига саёҳат | Ko'hna manzillar HD
"Кўҳна манзиллар" кўрсатуви "Ўзбекистон тарихи" телеканали “Гумбаз бобо” мақбараси XI асрга мансуб бўлган меъморий ёдгорлик бўлиб, 1929 йилда Облиқ ревкоми тилмочи (таржимон) бўлган А.Н.Актюрин томонидан бузиб ташланган. 1960 йил аҳоли ташаббуси ва ҳашар йўли билан қайта тикланган. Гумбаз бобо – Эрвали бобонинг отаси. Яссавия тариқатининг намоёндаси. Табобат ва тасаввуф оламининг таниқли вакилларидан бири бўлган. Гумбаз бобонинг асл исмлари Саид Жаъфар бўлиб, у зот саидлар авлодидан. Ер остида жойлашган чиллахона ва қабр устида янги мақбара қурилган. Ушбу зиёратгоҳ Ангрен шаҳрининг “Геолог” МФЙ ҳудудида жойлашган. Ривоят қилишларича Гумбаз бобо кунларнинг бирида ўғли Эрвали билан кетаётиб бир сигирни кўриб қолишади. Гумбаз бобо: “бу сигирдан пешанаси оқ бузоқ туғилади”, деб башорат қиладилар. Шунда ўғли “пешонаси оқ эмас, бузоқнинг оқ думи пешонасига тегиб турибди”, - дейди. Ҳақиқатдан ҳам думи оқ бузоқ туғилади ва Гумбаз бобо “Ўғлим, сизнинг мартабангиз меникидан ҳам юқори экан. Юринг, сизга мартабангизга яраша макон кўрсатай”, деганлар. Улар тоғ томонга қараб юриб бир жойда тўхтаганлар. Гумбаз бобо: “мана етиб келдик”, деганларида ўғли “бу ерда сув йўқ-ку”, деб ҳайрон бўлган. Шунда бобо ҳассасини ерга уриб, булоқ чиқарганлар. “Ўғлим, энди қайтамиз, фақат орқага қараманг”, деганлар. Ўғли кетаверган, бир жойга боргач, қизиқиб орқага қараса, ота ҳасса билан ерни чизиб, сувни ҳайдаб келаётган эканлар. Лекин шу ерга келгач, сув ерга сингиб кетган ва Гумбаз бобонинг манзили сувсиз қолган. Ўша сув тўхтаган жойни бобо ўғлига макон қилиб берган эканлар. Эрвали бобонинг авлодлари ҳозир ҳам бор. Уларнинг асосий қисми Ангрен шаҳрининг Облиқ ва Гулбоғ МФЙ ҳудудида, шунингдек, Наманган вилоятида истиқомат қилишмоқда.