"Кимни ман ҳоким қилганман?!" Шавкат Мирзиёев видеоселекторда ҳокимларни танқид қилди HD
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 14 декабрь куни хизматлар соҳасини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар натижадорлиги ҳамда келгусидаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Жорий йил 11 майда давлатимиз раҳбарининг “Хизматлар соҳасини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган эди. Унда мазкур соҳани муҳим драйверга айлантириш ва 2023 йилга қадар хизматлар ҳажмини икки бараварга ошириш белгиланди. 30 сентябрда яна бир муҳим ҳужжат – “Хизматлар соҳасини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” Президент фармони қабул қилиниб, пандемия даврида умумий овқатланиш, савдо, туризм, транспорт соҳалари учун берилган имтиёзлар муддати узайтирилди. Тадбиркорлар билан учрашувларда айтилган муаммолар ҳал этилди. Жорий йилда жами 18 триллион сўмлик 29 мингта лойиҳа амалга оширилиб, хизматлар соҳаси 20 фоизга ўсган. Лекин, 5 та туман ва шаҳарда ўсиш суръати кам бўлган. Умуман, жойларда аҳолига хизмат кўрсатиш даражаси пастлигича қолмоқда. Шу боис йиғилишда хизматлар соҳасини кенг ривожлантириш, фойдаланилмаётган имкониятларни ишга солиш масалалари муҳокама қилинди. Давлатимиз раҳбари бу борада ҳар бир ҳудудга алоҳида ёндашув зарурлигини таъкидлаб, аниқ мисоллар келтирди. Туман ва шаҳарларнинг аҳоли сони, географик жойлашуви, иқтисодий салоҳиятидан келиб чиқиб, 3 та йўналиш белгиланди. Биринчи йўналиш – хизматлар соҳасини 158 та туманда ривожлантириш. Хусусан, сайёҳлик масканлари бор 45 та ҳамда тоғли ҳудуддаги 40 та туманда туризм хизматлари кўпайтирилади. Масалан, Шаҳрисабз туманининг Наврўз, Мираки, Оқдарё ва Ҳисор қишлоқларига йилига 500 мингга яқин саёҳатчилар келади. Агар шу ҳудуддаги 65 километр йўл таъмирланиб, интернет ва мобиль алоқа яхшиланса, хизматлар ҳажми 3-4 баробар ошиши мумкин. Натижада меҳмон уйлари, савдо ва овқатланиш шохобчалари очилиб, қўшимча иш ўринлари пайдо бўлади. Давлатимиз раҳбари бундай туманларни зарур инфратузилма билан таъминлаб, ерларни тайёр лойиҳа билан аукционга чиқариш зарурлигини таъкидлади. Шунингдек, туризм соҳаси учун махсус солиқ режими жорий этиш, меҳмон уйлари учун имтиёзли кредитлар ажратиш бўйича кўрсатмалар берилди. Қайд этилганидек, саноати ривожланган 27 та туманда савдо, умумий овқатланиш, логистика, меҳмонхона ва кўнгилочар масканлар хизматларига устуворлик берилади. Қишлоқ хўжалигида даромад юқори бўлган туманларда умумий хизматлар билан бирга, замонавий агрохизматлар ривожлантирилади. Масалан, Қамаши туманида Агрохизматлар маркази, хусусий ветеринария корхоналари ташкил этилади. Туман марказида 200 тонналик совуткичга эга “Экобозор” қурилади ва мингта иш ўрни яратилади. Туман ҳокимларига Қамаши мисолида шундай дастур ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди. Маълумки, келгуси йил 21 та туманда 10 минг оила учун “Янги Ўзбекистон” массивлари, мактаб, боғча ва тиббиёт масканлари қурилади. Бу ҳам сервис ва савдони ривожлантириш учун жуда катта имконият экани таъкидланди. Чегара олдида жойлашган 25 та ҳамда халқаро