Никоҳ тўйи: 'Қизимиз учун 50 минг доллар қалин берасиз'
“Хориж фуқаролари тожикистонлик хотин-қизларга уйланишдан аввал 50 минг доллар қалин пули тўлаб қўйишсин. Бу нарса қонунан белгилаб қўйилсин”. Шу кунларда худди ана шундай ташаббус билан ўзининг “Facebook”даги саҳифасида тожикистонлик шоира Адибаи Азиз чиққан. Шоирага кўра, бу келин бўлиб борган юртларида тожик хотин-қизларининг қадр-қиммати ва обрўсини оширади. Оилавий муносабатларига путур етган тақдирда, чет эллик эрлари уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ва ор-номусларини топтай олишмайди. Ташаббус “Facebook”да яхшигина баҳсу мунозараларга сабаб бўлган. Бир томонга кўра, бу – тожик хотин-қизларининг ҳуқуқларини оёқ-ости қилади, уларни бир товарга айлантириб қўяди. Бошқа бир тарафнинг баҳслашича, янги ташаббус тожик қизларига уйланиш истагида бўлган хорижлик талабгорларнинг сони ортиб бораётган бир манзарада миллат генофондини ҳимоя қилади. Тожикистонда ҳозир амалда бўлган “Оила Кодекси”да чет эллик куёвнинг келин томонга бирор бир қалин беришини кўзда тутмайди. Шундай экан, буларнинг барчаси нимани англатади? Би-би-си Ўзбек Хизмати худди шундай савол билан Тожикистондан мустақил журналистга мурожаат қилди.