Fakt va Fikr (37): Amerika qanday qudratli böldi? (Millat va davlatning asl boyligi haqida) HD
Олимларнинг илмидан фойдаланишни билиш учун фақат олтин чиқарадиган завод ва фабрикаларни ёки даромад келтириладиган сити ва қурилишларни эмас, олимларни, мияларни ҳам бойлик, деб англай олиш керак. Бурнидан сал нарироқни ҳам кўра олиш керак. Бир микробиолог, кимёгар, физик олим ўзининг кашфиёти ёки ихтироси билан давлатга, унинг иқтисодиётига “Артел”, “Акфа” каби монополистлардан кўра юз барвавар кўпроқ фойда келтиришини калтафаҳм одамлар тушунишмайди. Бугун, масалан, ҳукумат вирусолог олимларимизга шароитлар қилиб бериб, КОВИДга қарши самарали вакцина ишлаб чиқаргани учун жуда катта гонорар ваъда қилса, олимларимиз бу касалликка қарши ўзбек вакцинасини ишлаб чиқиб, балки, экспорт қилишга ҳам эриша олардилар. Бундай вакцина миллиардлаб эмас, триллионлаб доллар фойда келтирар эди. Лекин биз илм аҳлини эмас, фақат монополия аҳлини одам деб ҳисоблаймиз. Шунинг учун ҳам биз бор эътиборимизни, эҳтиромимизни ва имтиёзимизни “лубая бизнес хараша”чиларга берамиз. Саводсиз “лубая бизнес хараша”чилар саводли журналистларни “гей деб эълон қиламан”, деса ҳам, жим юрамиз. “Лубая бизнес хараша”чиларга қарши ҳеч нарса дея олмаймиз. Чунки биз қўрқоқмиз. Чунки биз ақлнинг, миянинг, олимнинг қадрига етмаймиз. Чунки биз миллат ҳамда давлатнинг асл бойлиги унинг олимлари, ихтирочилари ва ақлли одамлари эканлигини билмаймиз. Фактларни ўрганинг ва фикр қилинг! Бобомурод Абдулла 2021 йил 9 июнь