Самарқанд. ЮНЕСКО ҳимоясидаги зонада яна буз-буз. Навбат 100 йиллик почта биносига келди HD
25 июль куни Самарқанднинг ЮНЕСКО ҳимояси зонасида жойлашган, 1910 йили қурилган почта биносининг бир қисми бузила бошланди. Почтага ëндош ЮНЕСКО ҳимоясидаги турар-жойлар эса, бузилиб бўлган. Шу уйлардан бирининг эгаси¸ самарқандлик Мехрож Абдужабборовнинг Озодликка маълум қилишича¸ почта биносининг бир қисми ва унга ëндош ҳудуддаги турар-жойлар “25 июль куни қонунга зид тарзда экскаваторлар билан йиқиб ташланган”. Маданий меросни муҳофаза қилиш давлат инспекцияси Самарқанд бўлими вакилининг Озодликка билдиришича, “маданий мерос обидаси сифатида давлат ҳимоясига олинган почта биносининг бир қисми бузиб юборилган”. Самарқанд шаҳар ҳокимлиги мулозими бузиш ишлари Ўзбекистон президентининг ПК-3507 қарорига асосан амалга оширилганлигини билдирди. ЮНЕСКО ҳимоясидаги ҳудудда яна бульдозерлар Озодлик мобил мухбири 25 июль куни Самарқанднинг ЮНЕСКО ҳимояси зонасида жойлашган биноларнинг бузилаëтганини видео-тасвирга олди. Видеода акс этишича¸ Самарқанднинг Амир Темур ва Почта кўчаларида экскаватор ва бульдозерлар бундан 100 йил олдин, Чор даврида Николай ғиштдан қурилган биноларни бузмоқда.