"Москвада, 2 хонали квартирада 9 ўзбекистонлик яшаймиз. Ҳаммамизга коронавирус юққан" HD

12.05.2020
Россия коронавирус юққанлар сони бўйича Италия ва Британия​ни​ ортда қолдириб, дунёда учинчи ўринга кўтарилди. Кунига мамлакатда 11 мингдан зиёд вирус юқтирганлар аниқланмоқда. Касалликка чалинганлар қаторида Россияда изоляция ҳолатида қолаётган минглаб ўзбек муҳожирлари ҳам бор. Коронавирусдан азият чекаётган ўзбекистонлик муҳожирларидан бири Озодликка қандай кун кечираётганини сўзлаб берди. Ҳозирга келиб Россияда коронавирус инфекцияси 221 мингдан ортиқ одамда топилди. Россия президенти Владимир Путин мамлакатда “изоляция режими” узайтирилишини эълон қилди. Жумладан, учинчи маротаба узайтирилаётган “ўзини яккалаш” ҳолати эпидемиологик вазият мураккаблашиб бораётган Москва шаҳри ва вилоятида 31 майгача сақлаб қолинади. COVID-19 касаллиги билан Россияда яшаётган меҳнат муҳожирлари ҳам касалланаётгани маълум. Россияда 28 мартдан буён давом этаётган карантин ҳолатида миллионлаб меҳнат муҳожирлари, хусусан ўзбекистонликлар қолмоқда. Навоийлик 43 яшар Жамшид Турдиев коронавирус юқтирган мигрантлардан бири. Озодлик билан суҳбатлашган муҳожир у яшаётган 2 хонали квартирадаги 9 ўзбекистонликнинг ҳаммаси касал эканини айтади: - Касаллик бошланганида биз ҳам қўлларимизни ювиб, қўл бериб сўрашмасдан гигиенага қатъий риоя қила бошладик. Аммо, кўпимиз доставкада, магазинларда одамлар билан ишлайди - барибир бу бало кириб келди бизга. Суриштирсак, бошқа таниш квартираларда яшовчилар ҳам касалланган, ўзлари даволаниб, бошқа муҳожирларга юқтирган экан. 2 хонали квартирада 9 кишимиз. Ҳаммамиз касал бўлдик - лекин ҳеч ким дўхтирга мурожаат қилишни хоҳламади. Жамшиднинг айтишича, касаллик квартирада яшовчиларга ҳар хил таъсир қилган. Суҳбатдош унда пайдо бўлган коронавирус аломатларини батафсил таърифлаб ўтди: - Мени ёшим каттароқ бўлгани учун бироз оғирроқ кечяпти. Ҳаммага ҳар хил таъсир этаркан. Бир ҳафта олдин бошланган бўлса, битта 25 ёшли йигитимизда бош оғрияпти, холос. Қолганларда юқори ҳарорат, мушаклар оғриғи, йўтал, лабларга учуқ чиқиш, кучли бош оғриқ. Менда биринчи бош оғриқдан бошланди, кейин ичим қизиди, юрак нотекис тез ура бошлади, тез нафас олишдан бошланди. Кейинги кун ҳарорат кўтарилди, 37-38 бўлиб. Яна икки кундан кейин ҳид ва таъм билиш йўқолди. Тилимнинг учи ва уст қисми таъм сезмай қолди. Ундан кейин томоқ қичишиб, йўтал бошланди. Айниқса кўп гапирсам. Кейин оёқ-бел мушакларида, қўл-оёқ бўғинларида оғриқ пайдо бўлди. Кўз соққаси атрофлари қаттиқ оғрийди. Сал шамолга ҳам сезгирлик ошиб кетди. Шу кунларда жуда қийин бўлди, эрталабгача ухлолмадим. Бир ҳафтадан бери касалланиб ётган ўзбек муҳожири коронавируснинг асосий белгиларига йўтал ва ҳароратдан ташқари қаттиқ ҳолсизланиш ва ҳаво етишмаслигини ҳам киритиш мумкинлигини айтди.

Похожие видео