КЎНГИЛЛАРДА БАЙРАМ ШУКУҲИ

02.01.2020
Ҳаммамиз орзиқиб кутадиган Янги йил байрамига ҳам саноқли кунлар қолди. Бугун шаҳару қишлоқларимиз, кўча-ю хиёбонларимизда ажиб тароват ҳукмрон. Айниқса, болажонларимиз учун бу байрамнинг гашти ўзгача… ИИВ Академияси ташаббуси билан пойтахтимиздаги 23-сонли меҳрибонлик уйида уюштирилган Янги йил кечаси ҳам барчага кўтаринки кайфият улашди. Тадбир аввалида Академия профессор-ўқитувчилари, Раҳбар кадрларни тайёрлаш факультети тингловчилари йиғилганларни байрам билан муборакбод этишди. Қизиқарли саволлардан иборат “Янги йил викторинаси” болаларнинг билим ва заковатини яна бир карра синовдан ўтказди. Зукко ва интилувчан ўғил-қизлар турли совғаларни қўлга киритишди. Тадбирнинг бадиий қисми Академия бадиий ҳавқаскорлик тўгараги жамоаси аъзоларининг “Ватан” номли қўшиғи билан бошланди. Миллий ва замонавий рақслар, куй-қўшиқлар барчага бирдай манзур бўлди. Айниқса кечанинг асосий қаҳрамонлари – Қорбобо ва Қорқизнинг саҳнада намоён бўлиши, турли совғалар улашиши болажонлар учун чинакам байрам туҳфаси бўлди. – Уларнинг кўзидаги қувонч ва шодликни бир сўз билан ифодалаш қийин, – дейди лейтенант Нилуфар Хўжаярова. – Байрам баҳонасида болажонлар билан ўйин кулгу қилдик, келажакдаги орзу ҳаваслари ҳақида дилдан суҳбатлашдик. Ўксик дилларига байрам шукуҳини улашдик. Ахир, бу ҳам халқимизга хос азалий қадрият эмасми. Эртакнамо саҳна кўринишлари, болажонлар ижро этган шеъру қўшиқлар кечага Янги йил шукуҳини олиб кирди.

Похожие видео

Показать еще