Ўзбекистоннинг "Тож Маҳали" хавф остида: уни евроремонт қилишмоқчи HD

12.01.2020
Бухорода 1652 йилда қурилган, 1997 йилда ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига кирган Абдулазизхон мадрасаси таъмирлана бошлангани мутахассислар ташвишига сабаб бўлди. Озодликка маълум бўлишича, таъмирчи усталар мадраса деворидаги ëриқларни суваб, ўчиб кетган нақшларни қайта чизмоқчи. Қадимшунос меъморнинг айтишича, бундай “реставрация” оқибатида дунë меъморчилиги мўъжизаси ўз бадиий қийматини йўқотиши мумкин. Ўзбекистон Маданият вазирлиги ҳамда шу вазирлик қошидаги Ёдгорликларни сақлаш бош бошқармасининг Озодлик 9 январь куни суҳбатлашган мутахассислари “Мадраса таъмири ўта эҳтиëтлик билан олиб борилиши ва обида ичидаги нақшлар консервация қилинишини” айтишди. Тошкентлик қадимшунос меъмор Абдумалик Турдиевнинг айтишича¸ “Марказий Осиë меъморчилигида илк бора сариқ ранг қўлланган бу мураккаб меъморлик ансамблини таъмир қиладиган мутахассислар ва бу муракккаб таъмирни амалга ошириш учун астрономик катта маблағ” мавжуд эмас: - Мадрасани шу ҳолида сақлаш керак. Ўзи 1997 йили бу мадрасани таъмир қиламиз деб, анчайин зарар етказишган эди. Бинони ёриқлари¸ синган ва кўчган жойлари билан сақлаш керак. Аштархонийлар даврида қурилган бу меъморлик асари ложувард кошин¸ қабариқли майолика¸ мармарга ўйиб ишланган нақш¸ ганч ўймакорлиги ва қабариқ фактура устига юпқа олтин варақлар қопланиб безалган ўта мураккаб ансамблдир. Семурғ¸ аждарҳо¸ тўрғай ва дарахтларнинг кошинга туширилган тасвири ўта мураккаб. Буни таъмир қилиш узоқ вақт¸ малакали усталар ва ўта катта маблағни талаб қилади. Масалан, олтин қисмини таъмирлаш учун Германия ëки Италиядан саноат роботи келтириш керак. Ложувард кошин ишлаб чиқарадиган ягона устахона Машҳад (Эрон) шаҳрида бор. Мармар лавҳларни махсус эпоксид ва балиқ суягидан бўлган қоришма билан мустҳкамлайдиган мутахассислар Италиянинг ўзида саноқли.

Похожие видео