Bishkekka sayohat: SSSRga xush kelibsiz! | Бишкекка саёҳат: СССРга хуш келибсиз! HD
Бишкекда СССР билан боғлиқ бир қанча бинолар, ҳайкаллар ва белгилар сақланиб қолган. Қирғизистон Республикаси Миллий банки биноси юқорисида ҳали ҳам “Госбанк СССР” ёзуви турибди. Эски майдонда Ленин ҳайкали Вазирлар Маҳкамаси тарафга қўлини узатганча ниманидир тушунтиряпти. Маркс ва Энгельс ўтирволиб, алланимани муҳокама қилишяпти. Эски бинолардаги қизил юлдуз, СССР герби белгилари олиб ташланмаган. Ҳали ҳам олтин беш юлдуз остида Қирғизистон қизил байроғи ҳилпирамоқда. 1917 йил Инқилоби қаҳрамонларига бағишланган катта ёдгорлик атрофи жуда обод. 1941-1945 йил уруши ёд этиладиган Ғалаба майдони ва монументи келин-куёвларнинг севимли масканига айланган. Шаҳар кўчаларида советча номлар ҳали ҳам қўлланилмоқда. Бишкек шаҳри туманлари ҳам эскича номларда қолган: Биринчи май, Свердлов, Октябрь, Ленин. Бишкек Лениннинг катта ҳайкали сақланиб қолган Марказий Осиёдаги ягона пойтахт шаҳардир. Қирғизистоннинг бошқа шаҳарларида ҳам “кичик Ленин”лар бузилмаган. Қирғизистон ҳукумати Ленин ҳайкалини мамлакат тарихининг бир қисми дея эълон қилган ва уни муҳофаза қилиш бўйича махсус қонун қабул қилган. Бу ерда бемалол шўролар ҳақида фильм олса бўлади. Тақдирни қарангки, дахрий Ленин ҳайкалидан 20 метр наридаги Вазирлар Маҳкамаси биноси олдидаги майдонда ҳар йили икки ҳайит намозлари ўқилади. Катта жамоат йиғилади. Бишкек таассуротлари: СССРга қайтиб - http://davronbek.ziyouz.com/?p=2312