Тошкентда КГБ зобитининг ўғли кўп миллионлик "Рембрандт асари"га даъвогарлик қилмоқда HD
Тошкент шаҳар судининг Зафар Нурматов раислигидаги маҳкамаси 25 декабрь куни¸ ўзини "Рембрандт асарининг ҳақиқий эгасиман," деб даъво қилаётган Андрей Плужниковнинг шикоят аризасини кўриб чиқади. 21 ноябрда судья Темур Қосимов раислигида жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Яккасарой туман суди чиқарган ҳукмга кўра¸ Рембрандтга нисбат берилган асар чайқовчилигида айбланган Комил Йўлдошев 52 миллион сўм¸ Рафаэль Фузаилов эса 34 миллион сўм жаримага тортилди. Айни маҳкама "Рембрандтники дея иддао қилинган асарни давлат фойдасига вақтинча мусодара қилиш" ҳақида ажрим чиқарган. Тошкентлик 50 яшар муҳандис Андрей Плужников Озодлик билан 24 декабрь кунги суҳбатда "суд мусодара қилган ва Рембрандга оид 15 миллион евро турадиган асар меники эди. Мен ўз ҳақимни 25 декабрь кунги судда ҳимоя қиламан", дея таъкидлади. Андрей Плужников бу асар 50 йил мобайнида уларнинг оиласида сақланиб келганини айтди. У "отамерос бу асарнинг ягона эгаси менман," дея даъво қилди: - Асар 1953 йилдан бошлаб Ўзбекистон Давлат хавфсизлик қўмитасида ишлаган отам тасарруфида эди. Асар отам ўлганидан кейин менга мерос бўлиб ўтди. Мен бу асарни санъат асарлари тижорати билан шуғулланадиган Комил Йўлдошевга 2014 йилда "реализация қилиш учун" бергандим дейди, - суд ишида гувоҳ сифатида иштирок этаётган Андрей Плужников.