19 яшар йигит ҳалок бўлди - Хўжайлида теримчиларни пахтага олиб кетаётган "Дамас" аварияга учради
Қорақалпоғистоннинг Хўжайли туманида теримчиларни пахта даласига олиб кетаётган "Дамас" автомашинаси "Кобальт" автомобили билан тўқнашиб, ағдарилиб кетди. Ҳодиса 22 сентябрь, эрталаб Хўжайли туман касалхонаси рўпарасидаги йўлда содир бўлган. Хўжайли туман Ички ишлар бўлими навбатчиси аварияда бир киши - 19 яшар йигит ўлганини, "Дамас" ва "Кобальт" машиналари ичида бўлган ўнга яқин одам жароҳатланганини Озодликка тасдиқлади. Гувоҳларнинг Озодликка айтишича, "Дамас" автомобили ичида бўлган теримчилардан бири ҳалок бўлган, қолганлар, шу жумладан "Кобальт" машинаси ичида бўлган ҳайдовчи ва шериги турли даражадаги тан жароҳатлари билан касалхонага ётқизилган. - "Дамас" ичида бўлган бир одам ўлди, яна икки одам оғир аҳволда реанимацияда ётибди. "Кобальт" машинасининг ичида бўлганлар ҳам қаттиқ жароҳатланди. "Дамас"дагилар пахтага кетаётган бўлишган. Аварияга учраганлардан бири менинг қариндошим. Ҳозир касалхонада ётибди, шу менга айтиб берди, - деди исми очиқланмаслигини истаган хўжайлилик йигит. Суҳбатдошга кўра, теримчилар ҳеч қаерда ишламайдиган одамлар бўлган: - Хўжайлида ҳокимиятнинг олдидаги гимназиянинг ёнига тўплаб, теримчиларни хўжаликларга бўлишади. Буларни "Найман" фермер хўжалиги ерларига пахта теришга жўнатишган. Ҳозир килосига 800 сўмдан беряпти-да. Булар пул ишлаймиз, деб "Дамас"да йўлга чиқишган, касалхонанинг олдига келганда авария бўлган. Хўжайли туман Ички ишлар бўлими навбатчиси аварияда бир одам ўлгани, "Дамас" ва "Кобальт" машиналари ичида бўлган ўнга яқин одам жароҳатланганини Озодликка тасдиқлади. Лекин, ИИБ навбатчиси аварияга учраган "Дамас" машинаси ичида теримчилар бўлганини тасдиқлай олмаслигини айтди: - 2000 йилда туғилган йигит ўлган, қолгани жароҳатланиб, больницага ётқизилди. Улар пахта теришга кетаётган бўлганми ёки бошқа жойгами, буни билмаймиз. "Дамас" ҳайдовчиси одам ташиш билан шуғулланар экан, лекин одам ташишга лицензияси бўлмаган. Ҳозир бу бўйича дастлабки суриштирув кетяпти.