Ўзбек мусаввираси пандемия давридаги Тошкентни суратларда акс эттирди HD

24.04.2020
Тошкентлик 49 яшар рассом Анна Иванова Covid-19 боис карантин жорий қилинган Ўзбекистон пойтахти манзараларини туркум суратларда акс эттирди. Карантин жорий қилинган март охиридан бери ўтган даврда мусаввира коронавирус хроникаси акс этган юзлаб суратларни чизди. Суратларда карантин жорий қилинган Тошкент кўчаларидаги кундалик ҳаëт акс этган. Ўзбекистондаги таниқли рассомлардан бири бўлган Анна Иванова Озодлик билан суҳбатда “Вирус даври эпопеясини” расмларда акс эттириб келгуси авлодларга етказиш ниятида” бу ишга қўл урганини айтади: - Инсоният турли даврларни бошдан кечирган. Масалан, Тош даврида одамлар нима билан машғул бўлганини ўша давр рассоми қояларга чизиб кетган асарлар орқали биламиз. Ўрта асрларда юз берган эпидемиялар ҳақида эса ўша давр рассомлари чизган асарлар орқали ҳабар топамиз. Масалан Катта Питер Брейгель 1562 йилда чизган “Ўлимнинг ғалабаси” деган асарида ўша даврда юз берган ўлат эпидемияси даҳшати тасвирланган. Ҳозир, албатта, ҳамманинг қўлида фотога олиш ускунаси бор. Лекин рассом нигоҳи фотоаппарат илғамаган қирраларни ҳам акс эттиради. Бир тошкентлик сифатида шаҳримнинг​ бугунги ташвишли кунларини сурат қилиб чизишни вазифа деб билдим. Рассом Анна Иванова картон қоғозга акварель¸ гуашь¸ акрил¸ рангли қалам ва мойли пастель таëқчалари билан чизади. Унинг асарларини кўздан кечирган санъатшунос Абдумалик Турдиевнинг айтишича¸ бу расмлар суд жараëни хроникасини акс эттирадиган услубда чизилган: - АҚШ ва яна кўплаб давлатларда суд залида фото ва видео тасвир олишга изн йўқ. Рассомларга бу жараëнни чизишга рухсат бор. Етакчи нашрлар рассомларни ëллаб суд мажлисига юборади. Рассом тезлик билан суд залида қоралама суратлар чизади. Бундай расмларни ҳабарлар лентасида кўргансиз. Анна чизган расмлар ҳам шу руҳда​. Бу эса расмлардаги драматизмни кучайтиради. Мамлакат пойтахти ҳам худди суд залидаги одамлар каби "охири қандай бўлар экан?" деган ташвиш билан яшамоқда. Кинода катастрофа деган жанр бор. Анна чизган суратлар катастрофа даври манзараларидир.

Похожие видео