Тельман Гдлян: Каримов "Пахта иши"ни тўхтатган қаҳрамон эмас! HD
Ўзбекистондаги "Ëшлар" телеканали 5 сентябрь куни “Куч адолатда” деган ҳужжатли фильмни намойиш қилди. Фильмда марҳум президент Ислом Каримов Ўзбекистонда “пахта иши”, деб аталган “Гдлян-Иванов қатағонига нуқта қўйган қаҳрамон" сифатида кўрсатилди. Олдинроқ - 2 сентябрь куни Ислом Каримов хотирасига бағишланиб Форумлар саройида ўтказилган мажлисда сўзга чиққан “Нуроний” жамғармаси вакили Анвар Иноятов Каримовни “Совет даврида Гдлян-Ивановга қарши тура олган жасорат соҳиби”, деб атаган эди. Озодлик 7 сентябрь куни 1983 йилдан 1989 йилгача “Пахта иши” бўйича Ўзбекистонда СССР прокуратурасининг махсус тергов гуруҳига раҳбарлик қилган Тельман Гдлян билан суҳбатлашди. Гдлянга кўра¸ “Каримов Совет давридаги “пахта иши “ доирасидаги терговга қарши бирор бир ҳаракат қилмаган ва уни қаҳрамон қилиш ҳаракатида бўлганлар ғирт ëлғон гапиришмоқда”.