Екатеринбургдаги ўзбеклар Светлаковнинг ESHAKидан норози HD

14.12.2016
“Урал-Ўзбекистон дўстлик жамияти” раҳбари Обид Туратов россиялик шоумен Сергей Светлаковнинг ESHAK номли ресторани рекламаси олиб ташлаш талаби билан маҳаллий маъмурларга мурожаат қилди. Обид Туратовнинг фикрича, ESHAK ресторани рекламаси "ўзбекларга нисбатан ҳурматсизлик белгисидир". Ўз навбатда актёр Сергей Светлаков ўзбеклар жамияти лидери даъвосини "асоссиз", дея рад этди. Россиянинг Екатеринбург шаҳрида ESHAK ресторанининг очилиши шу шаҳарда яшаётган ўзбеклар орасида норозилик келтириб чиқарди. “Урал-Ўзбекистон дўстлик жамияти” раҳбари Обид Туратов Озодлик билан суҳбатда шаҳарнинг турли жойларида ва маҳаллий телевидениеда намойиш этилаётган ESHAK ресторани рекламасини олиб ташлаш ва тўхтатишни сўраб мурожаат қилаётганини гапирди. - ESHAK номли ресторан рекламасида актёр Сергей Светлаков ўзбек тўни ва дўпписини кийган, қўлида кичкина қозонда палов ушлаб турибди. Светлаков елкасидан эшак бурнини тиқиб тургани акс эттирилган. Ҳар қандай ориятли ўзбекман деган кишига бу қаттиқ тегади! Актёр Светлаков олдин “Наша Раша” фильмларида тожикистонликларни масхара қилиб келганди. Энди ўзбеклар устидан кулишни бошлаган, кўринади. Екатеринбургда Ўзбекистондан келганлар кам эмас. Мен инсон ҳуқуқларини ҳимоя этувчи маҳаллий Омбудсменга, ҳуқуқ-тартибот органларига рекламага нисбатан чора кўришни сўраб мурожаат қилдим. Талабимиз – “Эшак” ресторани рекламасида эшак сурати қолса қолаверсин, лекин ўзбек миллий кийимлари ва паловини олиб ташласин, деди Обид Туратов.

Похожие видео