Ўзбек ишчиларни "қўй" деб сўккан ЛУКОЙЛ ходими узр сўрамаяпти - BBC Uzbek
“ЛУКОЙЛ Узбекистан Оперейтинг Компани” ниҳоят 29 октябрда Қашқадарё вилояти, Деҳқонобод туманида рўй берган ҳодиса юзасидан ўз муносабатини билдирган. “Озодлик” радиоси тарқатган видеода ЛУКОЙЛ бош энергетиги И.А. Шилов маҳаллий ишчиларни ҳақорат қилгани аксланган. “ЛУКОЙЛ Узбекистан Оперейтинг Компани”нинг дастлабки текширувларга кўра, 110 минг вольт қувватга эга “Жарқудуқ” подстанциясида уста ва электр монтёрлар бригадаси қўпол равишда техника хавфсизлигини бузишган. Бу эса ўз навбатида “бригаданинг ўлими ва қимматбаҳо асбоб-ускуналарнинг ишдан чиқишига сабаб бўлиши мумкин эди”. “Ушбу қоидаларга риоя қилмаслик оқибатида ўз қўли остидагиларнинг ҳаёти хавф остида қолишини англаган И.А. Шилов аҳлоқ-одоб меъёрларини бузган, маҳаллий ва бошқарувчи ходимларга нисбатан қўпол сўзларни қўллаган”, деб ёзилади ширкатнинг баёнотида. Баёнотдан англанилишича, ҳозир ширкатда ички текширув ўтмоқда ва И.А.Шилов Москвага иш этикаси бўйича комиссия ҳузурига чақирилган. Айни текширувлар натижасида бу воқеанинг барча иштирокчиларига нисбатан чора кўрилади. Матбуот баёнотида, ЛУКОЙЛ ўз фаолиятида хавфсизлик масаласига жиддий эътибор қилиши ҳам уқтирилади. “ЛУКОЙЛнинг асосий бойлиги одамлардир”, деб якунланади бу баёнот.