Тошкент аэропортида ДХХ рейди: Деҳлига учаётган самолётдан 39 тижоратчи тушириб қолдирилди HD

17.09.2019
11 сентябрь куни Давлат хавфсизлик хизматининг (ДХХ) ўндан зиёд ходими Тошкент халқаро аэропортида рейд ўтказиб, Деҳлига парвоз қилаётган самолётдан 39 нафар тижоратчини тушириб олди ва Тошкентдаги Гвардейский кўчасидаги ДХХ ҳибсхонасида бир ярим сутка давомида ушлаб турди. Бу ҳақда Ҳиндистонга қатнаб «челнок бизнеси» билан шуғулланувчи эркак ва аёлларнинг 7 нафари Озодликка 16 сентябрь куни сўзлаб берди. Тижоратчиларнинг айтишича, ДХХ ходимлари уларнинг тилла тақинчоқлари, валюталари, қўл телефонлари ва паспортларини олиб қолган. Рейд бўйича Озодлик ДХХдан изоҳ ололмади. Ислом Каримов номидаги Халқаро аэропорт ходимига кўра, ДХХ рейдига Навоий кон-металлургия комбинатида ишлаб чиқарилган қимматбаҳо металлар олиб чиқиб кетилаётгани ҳақидаги маълумот сабаб бўлган. "Самолётда наркотик" Озодлик билан суҳбатлашган тижоратчиларга кўра, 11 сентябрь, соат 19 да Ўзбекистон Ҳаво Йўллари авиакомпаниясига қарашли NY-425 рақамли рейс парвозига 15 дақиқа қолганда самолёт бортига 10 нафардан зиёд фуқаровий кийимдаги шахслар бостириб кирган ва баъзи йўловчилардан самолётдан тушишни талаб қилган. Ҳиндистондан Тошкентга автомобиль захира қисмлари келтириб савдо қилувчи 35 яшар Комилжон Қаландаровнинг айтишича, йўловчилар самолётга ўтиргач, ўзини таништирмаган шахслар йўловчиларга самолётда наркотик моддалар олиб кетилаётгани ҳақида маълумот келиб тушганини маълум қилган: - Самолётга чиқдик, лекин 10 минутдан кейин 10-15 киши граждан формасида келиб, "сиз тушинг, сиз тушинг," деди. Нимага? - деган гапимизгаям қарамади. "Самолётни бўшатинглар, самолёт бўшаши керак. Бу ерда қора дори, кейин мумкинмас нарсалар бор, тушинглар", деди. Умумий ҳисобда 39 одам тушириб қолдирилди.

Похожие видео