Самарқанднинг Челагида 3- синф ўқувчисини ўқитувчиси калтаклади HD
Челак шаҳридаги (Самарқанд вилояти) 79- ўрта мактаб, 3- синф ўқувчиси 18 сентябрь куни синф раҳбари томонидан калтаклангани юзасидан участка нозири ҳамда Пайариқ туман халқ таълими бўлими текширув бошлади. Мактаб маъмурияти 9 яшар ўқувчига қўл кўтарилганини ўқитувчи аёлнинг оилавий муаммоларидан асаби қақшагани билан изоҳлади. Челаклик Диёржон Бадалбоев 3- синфда ўқийдиган ўғли Масъудни синф раҳбари С. Ҳ. калтаклаганини айтаркан, бундай деди: - 18 сентябрь куни эгизак болаларим Масъуд ва Мақсуд мактабга кетганди. Иккинчи соат она тилидан дарсда ўқитувчи С. Ҳ. диктант ёздирган. Дафтарига санани қўймагани учун тахта линейка билан 36 боланинг орасида шунақанги калтаклаганки... Шу оддий хато қилгани учун бошларига, асосан ўнг елкасига урган. Елкаси қўкариб, қорайиб кетган. Чап елкасига ҳам урган. 50-60 марта урган! Отанинг иддао қилишича, у ўғлини "жуда оғир аҳволда, деярли беҳуш ҳолатда уйида кўриб қолиб, қўрқиб кетган" ва уни шифохонага олиб борган. Диёржон ўғлини урган ўқитувчи аёл билан учрашиб суҳбатлашгани ва у болага оилавий келишмовчиликлар туфайли қўл кўтарганини айтган: - Нима учун урдингиз? десам “Уйда хўжайиним билан урушиб қолган эдим, асабим бузилганди” дейди. Бу педагог оиласидаги ишни мактабдаги билан аралаштирмаслиги керакку,! Хато қилса – баҳосини 2 қўйсин!