Ғафур Раҳимов можароси ортидан AIBA 2020 йилги Токио олимпиадасидан четлатилди HD
Халқаро олимпия қўмитасининг 26 июнь куни Лозаннада бўлиб ўтган 134-сессияси қарори билан Халқаро бокс уюшмаси (AIBA) 2020 йилги Токио ўйинларидан четлатилди. Қўмита Токио мусобақаларида қатнашадиган ўйинчиларни саралаш жараëнини ўзи ўтказажагини билдирди. Бундай қарорга¸ АҚШ томонидан "уюшган жиноят олами етакчиларидан бири" сифатида санкцияга учраган ўзбекистонлик Ғафур Раҳимовнинг Олимпия қўмитаси кескин қаршилигига қарамай¸ AIBA президентлигига сайлангани асос бўлган. Қўмита ўз қарорида¸ Раҳимовнинг Халқаро бокс уюшмаси раҳбарлигига сайлангани унга ниҳоятда жиддий зарар етказганини таъкидлаган. AIBA "Халқаро олимпия қўмитаси (ХОҚ) ва унинг АҚШдаги акционерлари обрўсига путур етказувчи жуда жиддий ҳуқуқий ва молиявий муаммолар яратди"¸ деди чоршанба кунги йиғилишда қўмита таъсис қилган махсус текширув гуруҳи раҳбари Nenad Lalovic. 2019 йилнинг май ойида ХОҚнинг Молиявий бошқарув, ҳакамлик ва этика масалалари бўйича қўмитаси Халқаро бокс уюшмасига ўз эътирозларини расман билдирган ва уни Олимпия қўмитаси талабларини бажармаганликда айблаган эди. Уюшма 2020 йилги Япония мусобақаларидан четлаштирилган бўлса-да¸ Халқаро олимпия қўмитаси бокснинг мусобақалар дастурида қолдирганини маълум қилди. Халқаро бокс уюшмаси Токио олимпиадасидан четлатилгани ортидан иш ўринларининг кескин қисқартирилишини хабар қилди.