Бош прокуратура: диний идорада "безорилик қилган" икки шахс 15 суткага қамалган HD
Бош прокуратура Мусулмонлар идораси безориликда айблаган Facebook фаоллари - Рустам Каримов ва Тўлқин Астановлар 15 суткага ҳибс қилинганини маълум қилди. Мусулмонлар идораси, бу икки шахс 8 апрель куни ташкилот биносида "жамоат тартибини бузгани" тўғрисида ички ишларга арз қилган. Рустам Карим ва Тўлқин Астановлар Facebook ижтимоий тармоғида Диний идора раҳбарияти ва мамлакат ичидаги айрим уламоларга нисбатан кескин танқиди, ҳажвий постлари билан танилган. 8 апрель куни қатор баҳсли диний масалаларда ўз позициясини билдириш учун Мусулмонлар идорасига борганини улар ҳам ижтимоий тармоқда жонли чиқиш тарзида хабар қилганди. Бош прокуратура баёноти Озодликка 11 апрель куни тақдим қилинган Бош прокуратура баёнотида айтилишича, "01.06.1975 йил Тошкент шаҳрида туғилган Каримов Рустам Абдурашидович таниши, 25.04.1971 йил Тошкент шаҳрида туғилган Астанов Тўлқин Ташмурадович" билан 8 апрель куни Мусулмонлар идорасига борган ва ўша ердан туриб Facebook тармоғига видео жойлаган. "Видеода “шайх билан гаплашдим”, “Қорбобо”, “Сумалак бобо” деб А.Мансуровни шахсиятига тегиб, ҳурматсизлик қилган, воқеа жойига мазкур ҳуқуқбузарликларини бартараф этиш учун етиб келган ИИБ ходимлари қонуний талабларини бажармасдан, қаршилик кўрсатишган".