Андижонлик аёл Googoosha қўшиғини тинглагани учун огоҳлантирилди HD
Андижонлик қўшиқ шинавандаси марҳум президент Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг қўшиғини уйида баланд овозда қўйгани учун милициядан огоҳлантириш олди. 46 яшар Гулнора Каримова Googoosha тахаллуси билан бир неча клип чиқарган. Исми сир қолишини сўраган 27 яшар андижонлик аёлнинг Озодликка айтишича, воқеа шаҳарнинг "Дукчи эшон" кўчасида 1 январь куни рўй берди. - 1 январь куни ўз уйимда Гулнора Каримованинг "Ота" ва "Оқ булут" қўшиғини баланд қилиб, калонкада эшитиб, уй ишларини қилиб юрсам, кўчамизда иккита милиция ходими пайдо бўлиб, уйимга бостириб кирди. Googoosha қўшиқларини эшитмаслигим кераклигини айтиб, мендан ариза ёздириб олишди, - деди исми сир қолишини истаган 27 яшар аёл. Милиция ходимлари Googoosha мухлисига яна уни қўшиғини қўядиган бўлса, жаримага тортилиши ҳақида огоҳлантирган. - Энди қўшиқни ҳам ИИБ рухсати билан эшитиш қолувди, - дея эътироз билдирди Гулнора Каримованинг андижонлик мухлиси.