"Ҳокимлар, қачон уйғонасизлар?" Шавкат Мирзиёев ҳокимларга 1 январгача муҳлат берди! HD
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 8 октябрь куни жамиятда аёллар ва ёшларнинг ролини ошириш ҳамда бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Хотин-қизлар ва ёшлар – аҳолининг катта қисми, ижтимоий масалаларнинг аксарияти ҳам улар билан чамбарчас боғлиқ. Сўнгги йилларда ушбу икки йўналиш бўйлаб Ўзбекистонда давлат сиёсатини маҳалла даражасигача юритадиган вертикал тизим яратилди. Ёшлар масалалари бўйича ҳар бир туманда алоҳида ҳоким ўринбосари, унинг 3 нафаргача мутахассиси, Ёшлар ишлари агентлиги бўлимининг 3 нафар ходими, вилоятда ҳам ҳоким ўринбосари, унинг 4 нафар мутахассиси, Ёшлар ишлари агентлиги бошқармасининг 11 нафар ходими ажратилди. Хотин-қизлар масалалари бўйича ҳар бир маҳаллада алоҳида раис ўринбосари, туманда – маҳалла ва оила бўлими бошлиғи ўринбосари ва 2 нафар мутахассиси, вилоятда эса 8 нафаргача штат бирлиги берилди. Бундан ташқари, ёшлар масалаларини ҳал этишга Президентнинг Халқ қабулхоналари, хотин-қизлар масалаларини ҳал этишга эса Касаба уюшмалари бириктирилди. Лекин жойларда ушбу идоралар, тўртта сектор ишни самарали ташкил эта олаётгани юзасидан кўплаб саволлар туғилмоқда. Шу боис видеоселектор йиғилишида хотин-қизлар ва ёшлар масалалари бўйича янги иш тизими жорий этилиши таъкидланди. Маълумки, юртимизда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилалар рўйхати, яъни “темир дафтар” тузилган эди. Энди худди шунингдек ҳар бир маҳалла, туман, шаҳар ва вилоят кесимида “ёшлар дафтари” ва “аёллар дафтари” шакллантирилади. Бу рўйхатлар “темир дафтар”дан алоҳида бўлади. Унга ижтимоий, ҳуқуқий, психологик қўллаб-қувватлашга, билим ва касб ўрганишга эҳтиёжи ва иштиёқи бор бўлган ишсиз ёшлар ва хотин-қизлар киритилади. Бунинг натижасида улар билан тизимли, манзилли иш йўлга қўйилади. Йиғилишда ёшлар ва хотин-қизлар билан ишлаш тизими Хатирчи тумани ва Янгиер шаҳри мисолида муҳокама қилинди. Мутасаддиларга ушбу тизимнинг намунавий шаклини ишлаб чиқиб, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва ҳар бир вилоятнинг биттадан шаҳар ва туманида, яъни 28 та ҳудудда синовдан ўтказиш вазифаси қўйилди. Сектор раҳбарлари ва мутасадди идоралар вакилларига ҳар бир маҳалладаги ҳолатни ўрганиш, ёшлар ва аёллар билан бирма-бир мулоқот қилиб, эҳтиёжларини, қизиқишларини аниқлаш ҳамда шу асосда манзилли чоралар кўриш бўйича топшириқлар берилди. – Бундан кейин одамларнинг уйига бориб, ишга муҳтожларни ишга жойлаштириш тизимини яратишимиз керак. Энди қайси жойда раҳбарлар уйма-уй юриб, масалаларни ҳал қилса, ўша жойда вазият ўзгаради. Энг асосий мақсад – иқтисодий барқарорликдан натижадорликка ўтиш, – деди Президент.