Самарқандда "ҳаёсиз саҳналар"ни кўрсатган STV эфири тўхтатилди HD
Ўзбекистонда очилган биринчи мустақил телевидение - STV (Самарқанд телевидениеси) фаолияти "ҳаёсизликни тарғиб қилувчи" материални узатгани учун "номуайян муддат"га тўхтатилди. Kun.uz, Gazeta.uz нашрларининг хабар қилишича, телеканал 21 июль куни cоат 09:17 да "ҳаёсизликни тарғиб қилувчи, айниқса ёшлар одоб-ахлоқига, тарбиясига салбий таъсир этувчи" Sausage party номли хориж мультфильмини эфирга узатган. Нашрнинг Матбуот ва ахборот агентлигига таяниб ёзишича, "мультфильм қаҳрамонларининг ҳаёсизликни тарғиб қилувчи беўхшов қилиқлари, беҳаё суҳбатлари, наркотик моддаларни қабул қилиш, сурбетларча қовушиш саҳналари очиқ-ошкора намойиш этилган". Бундан ташқари, айни каналда 22 июль куни соат оқшомги соат 22:45да "Я легенда" (Мен афсонаман) номли машҳур хорижий фильм ҳам намойиш қилинган. Унда "вирус тарқалган ҳудудда одамхўрлар ва ваҳший ҳайвонларнинг одамга ҳужум қилиш, уни ейишга уриниш билан боғлиқ ваҳшийлик, шавқатсизлик саҳналари мавжудлиги аниқланган". Хабарда айтилишича, бу фильм "Ўзбеккино" Миллий агентлиги эксперт комиссияси томонидан «Ўзбекистон Республикаси ҳудудида намойиш этиш, кўпайтириш ва тарқатиш тавсия этилмаган фильмлар рўйхати"га киритилган. Шунингдек, 27 июль куни Ахборот фаолияти ва маълумотлар узатишни такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш бўйича идоралараро мувофиқлаштириш комиссияси йиғилиш ўтказиб, STV телеканали билан бирга Sevimli хусусий телаканалини ҳам муҳокама қилган.