ХТВ ота-оналардан "боламни масжидга юбормайман" деган тилхат олишни тақиқлади HD

23.05.2019
Ўзбекистон мактабларида ўқувчиларнинг ота-оналаридан фарзандлари ёзги таътил кунларида масжид, диний таълим берадиган домла ва отинойиларга боришининг олдини олишга қаратилган тилхат олиш тўхтатилган. Аввалроқ ижтимоий тармоқларда мактаб директорлари, синф раҳбарлари мажбурий равишда ота-оналардан фарзандларини ёзги таътил кунлари тўлиқ назорат қилишлари бўйича тилхат олаётгани ҳақида маълумот тарқаган эди.​ Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги ота-оналардан бундай мазмунда тилхатлар олиш нотўғри эканини тан олди. Вазирликнинг 22 май кунги баёнотида бу иш мактаб директорлари ҳамда ўқитувчиларнинг ўзбошимчалиги бўлгани таъкидланган. "Халқ таълими вазирлиги ота-оналардан фарзандларини ёзги таътил кунларида назорат қилишлари бўйича тилхат олишга кўрсатма берилмаганини расман таъкидлайди. Бу иш мактаб директори ва синф раҳбари томонидан ўзбошимчалик билан амалга оширилган хатти-ҳаракатдир", – дейилади Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати билдирувида. Фарғона, Наманган ва Андижон вилоятларидаги ўрта мактабларда ёппасига кузатилган тилхат олиш амали бу йил ҳам ёзги таътил арафасида оммавий тус олди.

Похожие видео