Қирғизистонда "Жума намози тўғрисида"ги қонун муҳокамага қўйилди HD
Қирғизистон парламенти депутатлари “Жума намози тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқди. Мазкур қонун лойиҳасида жума кунлари намозхонлар намозга эмин-эркин бориб келишлари учун тушлик вақтини бир соатга узайтириш ва 12.30-14.30 гача бўлган пайтни тушлик танаффуси, деб ҳисоблаш таклиф қилинган. Қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига ҳам олиб чиқилади. Қирғизистон парламенти депутати Тазабек Икрамовнинг айтишича, “Жума намози тўғрисида” ги қонун лойиҳаси энг аввало давлат ташкилот ва идораларида ишловчи хизматчиларнинг намоз ўқишга бўлган ҳуқуқини ҳимоя қилишга қаратилган. - Иш берувчи билан ишчи ўртасида жума намозига бориш масаласида тушунмовчиликлар жуда кўп юз бермоқда. Масалан, жума намозига борган одам ишга бир соат кечикиб келади, бунинг ортидан намозхон иш тартиби тўғрисидаги қонунни бузган бўлиб чиқаяпти. Шунинг учун бир ҳафтада бир марта - жума куни тушлик вақтини бир соатга узайтириш бўйича қонун лойиҳасини таклиф қилаяпмиз. Тушлик вақти жума куни бир соатга узайтирилса, бир йилда икки кунга тўғри келар экан. Савболи иш учун мана шу икки кундан воз кеча бўлади,- деди Тазабек Икрамов.