"24 йил пахта чопган аёлимга пенсия тўланмаяпти" HD
Бухоро вилоятининг Қоракўл туманидан мурожаат қилган 57 яшар Сотлиқ Зулфиқоров совет замонидаги колхозда 24 йил ишлаган ногирон рафиқасига қонунда белгиланган миқдорда пенсия тўланмаётганидан арз қилди. OzodMikrofon рукнига мурожаат қилган тингловчига кўра, 24 йил давомида ҳафтасига 7 кун колхознинг пахта даласида ишчи бўлиб ишлаган хотини - Ҳалима Менглиева шу кунда 240 минг сўм пенсия олмоқда. - Менинг аёлим 24 йил иш стажи бор. Шунга ҳужжатларини тўплаб олиб борсам, ижтимоий таъминот бўлимини бошлиғи, имтиёзли пенсия олиши учун бир йилда 365 иш куни бўлиши керак, деяпти. Қандай қилиб, 365 иш куни бўлиши мумкин - дам олиш кунлари бор, байрам бор, бу кунларда прокурор дам олади, сиз дам оласиз, дедим. Лекин, барибир пенсиясини оширишмаяпти - 240 минг сўм. Аслида, 20 йилдан ортиқ стажи бўлган аёлларга пенсия 400 минг сўмдан кам бўлиши керак эмас. Ҳозир аёлим ногирон, 24 йил колхозда ишлаган - қани энди адолат?! - дейди Сотлиқ Зулфиқоров.