Uzbek Кафканинг "Эврилиш" ҳикояси яна "таржима" қилинди HD
"Ўзбекистон" нашриëтида Франц Кафкага оид "Эврилиш" ҳикояси нашрдан чиқди. Шу йил 130 йиллиги нишонланаëтган адибнинг бу ҳикояси орадан 30 йил ўтиб Тошкентда яна айни номда чоп қилингани ортидан таржимон ким, деган савол ўртага чиқди. Чехиянинг Ўзбекистондаги элчилигидан олинган маълумотга кўра¸ минг дона адад билан чоп қилинган китоб 3 июл куни Тошкентда ўтказилиши режаланган чехиялик ëзувчи Франц Кафканинг 130 йиллик байрамида тақдим қилиниши лозим бўлган. Аммо Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигидан бу тадбирни ўтказишга ҳали изн олинмагани боис китоб тақдимоти ўтказилмади. Айни кунларда эса элчихона тақдимот маросимини ўтказмасдан ҳам бу китоб тарқатилиши борасида маълумот тарқатди. Бадиий безак жиҳатдан ўта ғариб муқоваланган бу китобга Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари миллий маркази раҳбари Акмал Саидов кириш сўзи ëзган. Китобдан Франц Кафка тарафидан 1912 йили немис тилида ëзилган "Die Verwandlung" асарининг таржимаси ўрин олган. Китобда ëзилишича¸ бу асар рус тилидан Эркин Эрназаров тарафидан таржима қилинган.