Чиллада муздаккина велосаёҳат: Чорвоққа отланамиз HD
Шаҳарда иссиқ куйдирмоқда. Ҳеч ким йўқ дарёю кўлда чўмилиш завқи устун келди. Янги шоссе велосипедимда ҳали тоққа бормагандим. Бомдоддан кейин тоғни кўзлаб, йўлга чиқиб кетдим. Сахар велосипед ҳайдаш жуда фойдали: ҳаво тоза, салқин, машиналар кам. Тошкентдан ғизиллаб чиқиб кетдим. Тезлик ёмон эмас: 25-30 км/с. Қибрайдан ўтиб, Байқўрғонга етганимда темир йўл кесишмасидан катта тезликда ўтиб кетибман. Велосипед ғилдираги релсга қаттиқроқ урилиб, орқа томоннинг дами чиқиб кетди. Ариқ бўйига яқин келиб, ғилдирак ичидан камерани олдим. Қарийб бир сантиметрлик иккита ёриқ пайдо бўлибди. Аксига олиб, қўшимча камера олмаганман. Яхшиям камера ямовчи мосламаларни олвоган эканман. Камерани 2-3 мартадан икки қаватлаб ямаб, сувга солиб текширгунимча 1 соат ўтиб кетди. Амаллаб камерани ғилдиракка жойладим. Телеграмдаги "Ўзбекистон велосипедчилар уюшмасидан" саҳифасидан Чирчиқ шаҳридан янги камерани сотиб олиш мумкинми, деб сўрагандим, айтиб беришди. Ямоқ камера билан энди хавотир ва эҳтиёткорлик билан юра бошладим. Тезлик албатта тушиб кетди. Чирчиқ бозоридаги дўконлар бироз кеч очишаркан, кутиб қолдим. Иккита қўшимча камера олиб, йўлда давом этдим. Энг салқин йўл Чирчиқ шаҳриники экан. Йўл четидаги чинорларга ҳали қатлиом келмабди. Келмасинам. Тошкентдан 50 км узоқликда, Ғазалкентга етмасдан Чирчиқ дарёсининг ёйилиб оққан жойи бор. Шу ерга тушдим. Ҳеч ким йўқ, сув топ-тоза, муздек. Салқинладим, дам олдим. Оқар сувда чўмилдим. Ташқарида 45 даража иссиқ. Сув эса оёғингизни чақиб олади. 5 дақиқадан ортиқ тура олмадим. Ғазалкент ичидан ўтган йўл шоссе велосипеди учун анча нотекис экан. Чорвоқ трассаси эса жуда равон, гарчи юқорига кўтарилиш бўлса-да, қийналмай чархни айлантириш мумкин. Тоққа чиққан сари ҳаво ҳарорати кўтарилиб борди. Йўл давомида битта савобли амал ҳақида ўйлаб кетдим. Афсус, велосипедимда кўпроқ сув ташишнинг имкони бўлмади. 45-50 даражалик офтоб тиғида далада асосан аёллар ишлашмоқда. Атрофда сув йўқ. Яқинроқдаги сув топиш мумкин бўлган дўконгача 3-4 км масофа бор. Машинасида тоққа кетаётганлар 3-4 блок муздай сув оволиб, шуларга тарқатишса, жуда савоб бўларди. Ҳожикентга етганда Чорвоқ сув омборига тушиб, бироз салқинланиш фикри туғилди. Ҳожикент поезд бекатининг орқасидаги тоғ сўқмоғи бўйлаб, пастга тушдим. Пастда дарахтлар кўп, салқин. Чорвоқ соҳили ҳам қумли. Суви тоза. 3 ўрис чоллардан бошқа ҳеч ким йўқ. Улар бир-икки ойдан бери шу ерда ётишибди экан. "Тошкентга бориб, пенсиямни олиб келяпман холос. Шу ерда ухлаймиз, овқат қиламиз, балиқ овлаймиз, дам оламиз" дейди отахонлардан бири. Иккиси салқин жойга ўтириб олиб, гитара ўрганишяпти. Ҳозир Чорвоқнинг асосий пляжлари жуда гавжум ва ўта қиммат. Мен айтган жойлар эса бепул ва табиий. Атайлаб, "Пирамида"га бориб бир неча юз минг сарфлагандан шу ерларга тушиб, маза қилиб дам олган яхши. 70 километр масофани ўртача 22 км/с тезликда босиб ўтибман. Чорвоқда ёзувчи Набижон Боқий кутиб олди. Шўрва тайёрлаб қўйган экан. Бирга тушлик қилдик, суҳбатлашдик. Асрдан сўнг велосипедда тоғ тараф