"Қамиш бар"даги ёнғинда куйганларнинг уч нафари вафот этди HD
Ўтган ҳафта Бухоронинг “Қамиш бар” ресторанида рўй берган ёнғинда жароҳатланганларнинг уч нафари вафот этди. Касалхонада қолаётган камида 30 кишидан етти нафари оғир аҳволда эканини айтмоқда Озодлик радиоси. Бухоро вилояти ҳуқуқ-тартибот идораларидаги Озодлик манбасига кўра, “Қамиш бар” ресторани хўжайини Насилло Ширинов қамоққа олинган. Бухоро шаҳридаги ресторанда 22 апрель куни чиққан ёнғин оқибатида жароҳатланганлардан уч нафари жон бергани тўғрисидаги хабарни Озодликнинг вилоят ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбаси тасдиқлади. Унинг айтишича, “Қамиш бар” ресторанида рўй берган портлаш ва ёнғин оқибатида жароҳатланганларнинг яна камида 30 нафари касалхонада қолмоқда, жумладан “етти киши оғир аҳволда”. “Портлаш ва ёнғин пайтида ўлим бўлмаган эди. Лекин касалхонада уч киши вафот этди. Улар олган жароҳатлар ҳаётларини сақлаб қолиш имконини қолдирмади. Ҳозирда касалхонада яна 30дан ошиқ одам бор. Еттитаси реанимацияда оғир аҳволда”,- дейди Озодлик манбаси.