Поездда Сирдарёга мажбуран пахтага юборилган мактаб ходимининг ўлиги келди HD
Фарғона вилоятининг Ёзёвон туманидаги 18-умумтаълим мактабининг қоровули Абдураҳим Худойқулов пахта даласида жон берди. Худойқулов ўлимининг сабабларини расмийлардан суриштирган маҳалладошларнинг айтишларича, гўёки у қон босими тушиб кетиб, вафот этган. Сўнгги икки ҳафтада Фарғона вилоятидан қарийб 17 минг нафар ҳашарчи ихтиёрий-мажбурий тарзда вагонларда Сирдарё ва Қорақалпоғистонга пахта теримига олиб кетилган эди. Ёзёвон туманининг Қатортол қишлоғидаги 18-умумтаълим мактабининг 54 яшар қоровули Абдураҳим Худойқулов 12 октябрь куни Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманида пахта теримидан қайтгандан сўнг вафот этди. Бу ҳақда Озодликка хабар берган марҳум маҳалладошларидан бирининг айтишича, у пахтага мажбуран жўнатилган: “Абдураҳим ака мактабда қоровул бўлиб ишларди. Ҳоким ва мактаб директорининг буйруғига кўра улар кўрпа-тўшаги билан поездда Сирдарёга кетган эди. Маҳалладошларимиз унинг жасадини олиб келишди. Улардан бири билан гаплашганимда, гўёки пахта теримидан сўнг шийпонга қайтиб келганидан сўнг, жон берган экан”, деди қатортолликлардан бири.