Тавҳиднинг ҳаётдаги ўрни

05.09.2020
Ширк аралашмаган тавҳид жамият ва шахс ҳаётига жуда хайрли таъсир қилади ва фойда тўла натижалар беради. Қуйида улардан баъзи мисоллар келтирамиз: Инсоннинг ҳурриятга эришиши Ширкнинг барча турлари ва кўринишлари инсоннинг маънавий бузилишидан бошқа нарсага олиб келмайди. Чунки ширк яратилганларга бўйин эгишга, ҳеч нарсани яратолмайдиган, ўлдириш, яшатиш ва тирилтириш хусусиятларига эга бўлмаган кишиларга ва ашёларга ибодат қилишга олиб келади. Тавҳид эса, инсонни яратган Роббисидан бошқага ибодат этишдан сақлайди ва унинг ақлини хурофот ва ваҳималардан қўрийди. Тавҳид инсонни Фиръавнлар ва Аллоҳ таолога қарши илоҳлик этганларнинг салтанатидан қутқаради, уларни фақат Аллоҳга бўйин эгишга ва тавозе қилишга ундайди. Шунинг учун ҳам ширк келтирувчиларнинг раҳномалари ва жоҳилият даврининг ҳимоячилари бутун пайғамбарларнинг даъватига, хусусан Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассаломнинг даъватига қарши чиққан эдилар. Чунки улар Лаа илоҳа иллоллоҳ калимаси инсон эркинлиги калимаси эканлигини, бу калима жоҳилларни сохта илоҳлик мавқеларидан тушириб, мўминлар ҳаётини юксак чўққиларга кўтаришини ва бу калиманинг Аллоҳдан бошқа ҳеч кимга бўйин эгмаслик эканлигини яхши билар эдилар. Мақсадли ва саботли кишиларнинг етишиши Тавҳид ҳаётда йўли ва мақсади аниқ, манзили маълум бўлган кишиларнинг етишиб чиқишига ёрдам беради. Бундай кишиларнинг ёлғизликда ҳам, жамоа холида ҳам, хурсанд ё хафа бўлганида ҳам дуо қиладиган ёлғиз Илоҳлари бор. Бу қалбини турли тангриларга бўлиб бериб, ҳаётини маъбудларга тарқатадиган, баъзан Аллоҳга баъзан бутларга сиғинадиган мушрикларнинг ҳолига асло ўхшамайди. Шу сабабдан Юсуф алайҳиссалом номидан Куръонда шундай дейилади: "Эй ҳамзиндон дўстларим, тарқоқ—турли-туман "худо"лар яхшироқми ёки ягона ва ғолиб Аллоҳми?" (Юсуф сураси, 39) Бошқа бир оятда эса: "Аллоҳ (шундай) бир мисол келтиради: бир киши —қул борки, унинг устида талашгувчи шериклар (яъни хожалар ) бор. Яна бир киши—қул борки, у бус-бутун ҳолида бир киши—хожаникидир. Иккисининг мисоли баробар бўлурми?" (Зумар сураси, 29) Мусулмонлар бир Илоҳга сиғинадиган, Уни рози ва хафа қиладиган нарсаларни биладиган, фақат Уни рози қиладиган ишлар билан машғул бўладиган қуллардир. Мушриклар эса, бир неча тангрига сиғинадиган қуллардир. Улардан бири шарққа, иккинчиси эса ғарбга йўналтиради. Бири ўнгга, иккинчиси чапга отади. Мушриклар бу тангрилари орасида сарсон-саргардон бўлиб, саботсиз ва қарорсиз ҳолга тушадилар. тўлиқ матни: https://www.islamonline.uz/index.php/dolzarb-mavzu/munosabat/item/2950-tavhid

Похожие видео