Шавкат Мирзиёев: "Ўзбекистон шароитида бугундан бошлаб энг ҳурматли, эъзозли инсон муаллим!" HD
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 23 август куни халқ таълими тизимини ривожлантириш, педагогларнинг малакаси ва жамиятдаги нуфузини ошириш, ёш авлод маънавиятини юксалтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Давлатимиз раҳбари президентлик фаолиятининг дастлабки кунларидан бошлаб юртимизда инновацион ва креатив фикрлайдиган, замонавий кадрлар тайёрлаш, ёшларни ватанпарварлик руҳида, юксак маънавият эгалари этиб тарбиялаш, шу мақсадда таълим тизимини такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Президентимиз йиғилишда мактаб таълими тизимини ислоҳ қилиш бўйича мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, бу борада олдимизда турган долзарб вазифалар ҳақида фикр юритар экан, улуғ маърифатпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Дунё иморатлари ичида энг улуғи мактабдир” деган фикрини алоҳида таъкидлаб, бу масаланинг моҳияти ва аҳамиятига атрофлича тўхталиб ўтди. Ҳақиқатан ҳам, жаҳондаги ривожланган давлатлар тарихига назар ташлайдиган бўлсак, уларда жамият ҳаётини ўзгартиришга қаратилган ислоҳотлар аввало таълим тизимидан, боғча, мактаб, тарбия масаласидан бошланганини кўрамиз. Чунки мактабни ўзгартирмасдан туриб, одамни, жамиятни ўзгартириб бўлмайди. Таълим ва тарбиянинг асоси, пойдевори бу – мактаб. Мактабни мактаб қиладиган куч эса ўқитувчилардир. Маълумки, мураккаб ўтиш йилларида мактаблардаги маънавий-маърифий муҳит, ўқитувчи касбининг обрўйи, нуфузи пасайиб кетгани, янги давр педагогларини тарбиялаш, педагогика фанини ривожлантириш, инновацион таълим технологияларини жорий этишга етарли эътибор берилмагани соҳада бир қатор жиддий муаммоларни келтириб чиқарди. Кейинги йилларда ана шу муаммоларни самарали ҳал этиш, кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича мамлакатимизда улкан ишлар амалга оширилмоқда. Президентимиз томонидан халқ таълими тизимига оид 6 та фармон ва қарор, Вазирлар Маҳкамасининг 21 та қарори қабул қилиниб, бу соҳадаги ислоҳотларнинг ҳуқуқий-меъёрий асослари мустаҳкамланди. Ота-оналар, жамоатчиликнинг истаклари инобатга олиниб, юртимизда 11 йиллик мактаб таълими тизими тикланди. Сўнгги уч йилда юртимизда 157 та умумтаълим мактаби янгидан қурилди. Улуғ алломаларимиз – Мирзо Улуғбек ва Муҳаммад Хоразмий номидаги иқтидорли болалар мактаблари, Ҳамид Олимжон ва Зулфия, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Ибройим Юсупов, Исҳоқхон Ибрат, Муҳаммад Юсуф, Ҳалима Худойбердиева номлари билан аталган ижод мактаблари, “Темурбеклар мактаби”, Президент мактаблари, хусусий мактаблар сингари янги ва замонавий намунадаги таълим даргоҳлари ташкил этилгани юртимиз фарзандлари учун таълим-тарбия олиш борасида янги имкониятлар очиб бермоқда.