Мирзиёев ТВда гапиртирмоқчи бўлган собиқ бош прокурор "Сангород"да даволанмоқда HD
Ўзбекистон собиқ бош прокурори Рашитжон Қодиров Тошкентдаги 64/18 колонияда (маҳбуслар даволанадиган "Сангород") даволанмоқда. Озодлик мухбирига Ички ишлар вазирлиги зобити 21 май куни маълум қилган бу хабарни Рашитжон Қодировнинг оиласи яқинларидан бири тасдиқлади. 22 февралда ҳибсга олинган 66 яшар собиқ бош прокурор "товламачилик", "мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш" ва "пора олиш"да айбланмоқда. 19 май куни Андижон вилоят, Улуғнор туманида вилоят фаоллари билан бўлган учрашувда маъруза қилган президент Шавкат Мирзиёев собиқ прокурорни "икки-уч ой ичида телевидение орқали гапиртиришини" айтганди. Қон босими Ички ишлар вазирлиги зобитининг Озодлик мухбирига айтишича, қон босимидан шикоят қилган Рашитжон Қодиров "тахминан икки ҳафта олдин" маҳбуслар даволанадиган "Сангород"га ётқизилган. "Қодиров тахминан икки ҳафта олдин "Сангород"га ётқизилди. Ўшангача қон босими кўтарилиб-тушиб турганди. Кўрсатилаётган тиббий ёрдам етарли эмас, деб шикоят қилаётганди," деди исми сир қолишини сўраган милиция зобити. Унинг бу маълумотини Қодировнинг яқинларидан бири ҳам тасдиқлади. Адлия соҳасида ишловчи бу манбага кўра, собиқ прокурорнинг шифохонага ётқизилгани ҳақида яқинларини унинг адвокати хабардор қилган.