Россиянинг Ёқутистонида ўзбекларга қарши миллатчилик таҳдиди кучайди
Россиянинг Ёқутистон республикасида 36 яшар аёлнинг зўрлангани иддаолари ортидан марказий осиёлик мигрантларга, жумладан ўзбекларга қарши митинглар, таҳдидлар, тўқнашувлар авж олди. «Ўзбекларга, қирғизларга шундай маҳалда босимлар кучаяди. Душанба куни ўтган митингдан кейин ҳам шундай бўлди. Текшир текширлар кучайди. Савдо нуқталари ёпиб қўйилди» дейди Якутск шаҳрида мева савдоси билан шуғулланувчи Абдулазиз исмли ўзбек муҳожири «Элтуз» мухбирига. У шунингдек ерлик аҳоли вакилларидан таҳдидли СМСлар ола бошлаганинини билдирди. «Бугун иш билан уйга келсам, Wattsappдан тағин хат тушаяпти. Бугунгиси «Халиям қочмадингми?» деган мазмунда. Ундан олдингиси ўзларининг тилида «Ҳали кеч киргани йўқ. Кеч кирса билинади» деганга ўхшаш эди» Маҳаллий нашрларнинг ёзишича, Якутск шаҳрида миллатчиликка оид муаммолар 36 яшар Оксана В. исмли маҳаллий аёл, 23 яшар қирғизистонлик йигит томонидан ўғирлаб кетилиб, зўрлангани ҳақида полицияга ариза бергани ортидан кучайган. Ёқутистондаги масжид имоми Абдурасул Тожихонов «Элтуз» мухбирига масжидларнинг полиция қўриғида эканлиги хақидаги хабарлар унчалик тўғри эмаслигини билдирди. Унинг айтишича, у имомлик қилаётган масжидга ҳужум бўлмаган, бироқ шаҳардаги масжидга 20 тача бўлиб икки марта бостириб киришган, «воқеага алоқадор шахсларни» топиб беришни талаб қилишган. 18 март куни мамлакат рахбарлари иштирокида Якутск шаҳрининг «Триумф» спорт мажмуасида ўтган митингда 5000 дан ортиқ одам қатнашди. 19 март куни Қирғизистоннинг Россиядаги элчихонаси ва диаспораси вакилларидан иборат делегация Ёқутистонга бориб, республика раҳбарлари билан учрашди. Бироқ Ўзбекистон расмийлари Ёқутистондаги ўз фуқароларига қарши кучайган миллий таҳдидларга ҳеч бир тарзда муносабат билдиришгани йўқ.