ҚҚҚ ўзбекистонликларни пикетга чорламоқда
Қозоғистон ҳибсхоналаридаги ўзбек қочқинларининг яқинлари 6 ойдан буён маҳбус қочқинлар тақдиридан хавотир билан кун ўтказмоқдалар. Олмаота ҳибсхонасида қолаётган ўзбек қочқинларини қутқариш бўйича қўмита хориждаги юртдошларига мурожаатнома билан чиқди. Шу йилнинг 30 ноябр ва 1 декабр кунлари ЕХҲТга аъзо давлатлар пойтахтларида ўтказилиши керак бўлган пикетлардан мақсад, қўмита вакилларига кўра, ташкилотга аъзо давлатлар раҳбарлари эътиборини Қозоғистоннинг Олмаота шаҳри ҳисбхоналарида ноқонуний ушлаб турилган 29 ўзбек қочқини тақдирига қаратишдир. "Пикет қатнашчилари Қозоғистон Бош прокуратурасининг ўзбек қочқинларини қийноқлар мунтазам қўлланадиган Ўзбекистонга топшириш ҳақида чиқарган адолатсиз қарорига норозилик билдирадилар ва саммит иштирокчиларидан бу қарорга муносабат билдиришни сўрайдилар. Бу саммит ЕҲҲТга раиси бўлмиш Қозоғистон Республикаси раҳбариятига таъсир ўтказиш учун қулай фурсатдир", дейилади қўмита мурожаатномасида. Эслатиб ўтамиз, шу йил 9 июнидан 11 июнигача Олмаота шаҳрида ўтказилган "Мигрант" рейди чоғида қозоқ полициячилари ва махфий хизмати ходимлари учинчи давлатдан бошпана олиш ниятида Қозоғистонда яшаб келаётган 30 дан зиёд ўзбек қочқинини қўлга олганди. Шу пайтгача бу диндор қочқинлардан бир нечтаси Ўзбекистонга экстрадиция қилинди, қолганлари эса қарийб олти ойдан буён Олмаота шаҳридаги ҳибсхоналарда сақланмоқда.