Туркия Ўзбекистон билан муносабатларда "янги бир саҳифа очишни" истайди HD
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон мамлакатининг Ўзбекистон билан алоқаларда “янги саҳифа очиш”ни истаётганини билдирди. Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг бу сўзлари 16 ноябрда Покистон ва сўнгра Ўзбекистонга сафари олдидан Эсенбўға аэропортида ўтказган матбуот йиғини пайтида янгради. Озодлик суҳбатлашган турк-ўзбек алоқалари бўйича мутахассисларнинг ишонишича, президент Каримов вафоти ортидан Туркия раҳбариятида "дўст бўлмаган" мамлакат билан муносабатларни яхшилаш имкони пайдо бўлмоқда. Ражаб Тоййиб Эрдўғон Ўзбекистон янги раҳбари билан илк бор учрашади. 2014 йил январида Сочидаги қишки олимпиада ўйинларининг очилиши чоғида Ражаб Тоййиб Эрдўғон Президент Каримов билан қисқа учрашув ўтказган эди. Туркия Ўзбекистон мустақиллигини эътироф этган илк мамлакат бўлса-да, икки мамлакат муносабатлари охирги 20 йилда ўта афтода ҳолда эди. "Кучли ирода ва қатъият" Покистонга ташрифи ортидан марҳум президент Ислом Каримов қабрини зиёрат қилиш учун Самарқандга ўтишини маълум қилган Туркия президенти у ерда Ўзбекистон президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев билан мулоқот ўтказишини айтди.