Эрон АҚШни Суриядаги вазиятни "хавфли тарзда кескинлаштириш"да айблади HD
Эрон томонининг бу айбловига Оқ Уй 27 июн куни берган баёнот сабаб бўлди. Вашингтон Сурия президенти Башар Асад қўшинлари кимёвий ҳужумга ҳозирлик кўраётган бўлиши мумкинлиги, агар амалга оширилса, Асадга бу ҳаракати "қиммат тушиши"дан огоҳлантирди. Франция президенти ҳам қарши жавобда АҚШни қувватлашини билдирди. Эрон Ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавод Зариф 27 июн куни ёзган твитида: "Бу АҚШнинг сохта маълумотга асосланиб, Суриядаги вазиятни яна бир карра хавфли тарзда кескинлаштиришидир. Бу Ироқ ва Сурия ҳалқи томонидан суриб чиқарилаётган "Ислом давлати" экстремист гуруҳи фойдасигагина хизмат қилади", дея баёнот берди. Эрон томонининг бу айблови Франция президенти Эммануэл Макрон ҳам АҚШ президенти Доналд Трампни қувватлаб, Сурия раҳбарини кескин жавобдан огоҳлантириб турган бир пайтда янгради. Айни пайтда, Эрон Россия билан бирга Асаднинг яқин иттифоқчиси бўлиб қолмоқда. Кремл маъмурияти ҳам Вашингтоннинг огоҳлантирувини "қабул қилиб бўлмас таҳдид" деб баҳолади.