Фермерларга мевазор боғ орасида картошка-сабзи етиштириш буюрилди HD

01.05.2016
Давлат бюджетига доллар тушумини кўпайтириш мақсадида Тошкент ҳукумати 2016 йилдан бошлаб мева-сабзавот экспортини кўпайтиришни ўз устивор вазифаларидан бири деб белгилади. Ҳукуматнинг пахта ва ғаллага ажратилган ерларни деярли ўзгаришсиз қолдирган ҳолда мева ва сабзавот ҳажмини ошириш формуласига кўра¸ энди фермерлар ғаллазорлар чеккаси ва боғлар орасига полиз ва сабзавот экинлари экиб¸ давлат белгилаган планни бажариши керак. 2016 йилнинг 7 апрель куни Ўзбекистон президенти махсус фармон чиқариб¸ Бош вазир Мирзиëев зиммасига “янги ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларини экспортга етказиб бериш ҳажмлари ва турларини кўпайтириш” вазифасини юклади. Айни фармон билан бу вазифани адо этиш учун “Ўзагроэкспорт” деган янги ташқи савдо компанияси тузилди. Каримовнинг мева-сабзавот экспортини кўпайтириш фармонини бажариш учун ўз-ўзидан мева-сабзавот етиштиришни ҳам кўпайтириш эҳтиëжи туғилдики¸ президент бу ҳақда беш кун ўтиб яна бир буйруқ берди. Турли бож ва солиқ имтиëзлари берилган “Ўзагроэкспорт” компанияси омборини тўлдириш учун президент фермер ва деҳқон хўжаликларига мева-сабзавот етиштириш бўйича давлат буюртмаси солинди. Президент қарори билан 2016 йилда Ўзбекистонда ҳўл мева ва сабзавот маҳсулотлари сотиб олишга давлат буюртмаси 4,077 миллион тонна этиб белгиланди. Йил давомида фермер хўжаликлари 2,545 миллион тонна, деҳқончилик хўжаликлари эса 1,532 миллион тонна мева-сабзавотни давлат белгилаган нарх билан топшириши шарт. Айни кунларда мамлакат бўйлаб ана шу буюртмани фермер ва деҳқон хўжаликларига тақсимлаш жараëни жадал бормоқда.

Похожие видео