Сергелида қурилаëтган "арзон уйлар"ни тарқатиш Наврўздан сўнг бошланади HD
Президент Мирзиëев уй-жойдан қийналиб яшаëтган пойтахтликларга 2022 йилга қадар Сергелида 500 та уй қуришни ваъда берганидан саноқли кун ўтиб¸ бу лойиҳа устида иш бошланди. Озодлик гаплашган Тошкент ҳокимияти расмийлари¸ бу уйларнинг биринчилари кузда эгаларига топширилиши¸ жорий ойдан эса¸ уларнинг кимга берилиши борасида қарор чиқарилишини билдирди. Ариза қабул қилиш ноябрдан бери давом этмоқда Тошкент шаҳар ҳокимлиги¸ қолаверса¸ шаҳардаги қатор туман ҳокимликларидан олинган маълумотга кўра¸ пойтахтнинг Сергели туманида қурилиши бошланган 500 та кўп қаватли уйдаги квартираларни тақсимлаш бўйича махсус комиссиялар тузилган ва улар Наврўздан сўнг уйларнинг кимга берилиши борасида қарор чиқаришга киришади. “Ҳар бир туманда ҳоким раислигида шундай комиссиялар тузилди ва улар қарор чиқаришни Наврўзни ўтказиб бошлашади. Ноябрь ойидан бери Сергелида қурилаëтган уйлардан квартира сўровчилардан ариза қабул қилинмоқда. Биргина бизнинг районимизда ҳозиргача 2500 дан кўпроқ шундай ариза берилди. Туманга Сергелидаги уйлардан 10 тасини ажратиш режаланган”¸ деди Тошкент шаҳрининг аҳоли зич яшовчи Олмазор туманида тузилган махсус комиссия ишига алоқадор расмий Озодлик билан суҳбатда.