"Молларим очликдан битта-битта ўляпти"
"Молларим очликдан битта-битта ўляпти" Зойир Мирзаев топшириғи билан Украинадан олиб келинган 64 қорамол озуқасиз қолди Қашқадарё вилоят, Шаҳрисабз туманидаги “Қобилов Неъмат Тўраевич” МЧЖ иш бошқарувчиси 31 яшар Собир Тўраев 2021 йилда ўша пайтдаги вилоят ҳокими Зойир Мирзаевнинг топшириғи билан Украинанинг Одесса вилоятидаги ферма билан 100 бош қорамолга шартнома тузиб, унинг 64 тасини олиб келган. Бу қорамолларни сотиб олиш учун у “Халқ банки” Шаҳрисабз филиалидан қарийб 170 минг доллар кредит олган. Тадбиркорликни ривожлантириш бўйича президентнинг қатор фармонлари асосида ўша пайтдаги вилоят ва туман ҳокимлари Собир Тўраевга моллар озуқаси учун керакли ерни ажратиб беришга қоп-қоп ваъдалар берган. Аммо, Зойир Мирзаев ҳам вилоят ҳокимлигидан ишдан кетди, туман ҳокими ҳам бошқа бўлдию, ваъдалар унутилди. Тадбиркор моллари билан бир ўзи қолди. Унга ваъда қилинган ер ажратилмади. Моллар рациондаги озуқани еёлмай озиб кетди, улар орасида ўлим ҳолатлари кўпайди, тадбиркор эса озуқа сотиб олавериб қарзга ботди.