Россия Мирзиёевнинг "вазиятни тўлиқ назоратга олганини" эътироф этди HD
Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг ўлими мамлакат ва минтақадаги вазиятга салбий таъсир ўтказа олмайди, деб баёнот берди Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмийси. Унинг айтишича, Мирзиёев ҳукумати “вазиятни тўлиқ назоратга олган”. Шунга қарамасдан, Россия дипломатияси минтақадаги вазият издан чиққан ҳолатда аралашиши мумкинлигини ҳам инкор этмаётир. "Президент Ислом Каримовнинг сиёсий саҳнадан кетиши ортидан Ўзбекистонда ва Марказий Осиёда вазият ўзгармасдан қолади". Россия президентининг Афғонистондаги махсус вакили, Россия Ташқи ишлар вазирлигининг Осиё Иккинчи департаменти директори Замир Қобуловнинг 12 сентябрь куни журналистлар олдида қилган бу баёнотидан англаш мумкинки, Россия Шавкат Мирзиёевнинг марҳум президент Ислом Каримов сиёсатини давом эттиришига ишонади. - Бу (Ислом Каримов ўлими.-таҳр.) Ўзбекистон ва унинг атрофидаги вазиятга ҳарбий-сиёсий нуқтаи назардан салбий таъсир ўтказмайди, деган фикрдаман. Ўзбекистон ҳукумати вазиятни назорат қилиб турибди, деди Замир Қобулов. Унинг айтишига кўра, олдинроқ Россия “экстремист унсурларнинг” Ўзбекистондаги вазиятни издан чиқариши мумкинлигига уриниб кўришидан хавфсираган. - Ҳозирча улар бунинг уддасидан чиқа олмади. Президент вазифасини бажарувчи бош вазир Шавкат Мирзиёев ўзини оқлаган амалларни давом эттиради, деди Россия Ташқи ишлар вазири расмийси.