Ўзбекистон Россияга пахта сотувчи уч йирик экспортчининг бирига айланди HD
Ўзбекистон Россия бозорига пахта етказиб берувчи мамлакатлар учлигидан ўрин олди. Бу маълумотни келтирган Россия Саноат ва савдо вазири муовини Виктор Евтухов Ўзбекистондан Россияга пахта хом-ашёси билан бирга импорт қилинаётган газлама, трикотаж, тайёр тикув маҳсулотлари ҳажми ҳам ошганини билдирди. Шунингдек, икки давлат ҳукуматлари ўртасида Ўзбекистонда рус автомобиллари, комбайнларини йиғиш, дори-дармон ишлаб чиқаришни ташкил этиш борасида музокаралар олиб борилаётгани маълум бўлди. Россия Ўзбекистоннинг энг йирик пахта импортёрларидан бири Тошкентда шу йилнинг феврал ўрталарида бўлиб ўтган Иқтисодий ҳамкорлик бўйича Россия-Ўзбекистон комиссияси йиғилишида иштирок этиб қайтган мамлакат Саноат ва савдо вазири муовини Виктор Евтухов икки давлат ўртасидаги савдо-сотиқ ва иқтисодий ҳамкорлик масалаларида ўсиш кузатилаётганини алоҳида таъкидлади. У, жумладан, 2016 йилда Россияга Ўзбекистондан етказиб берилаётган пахта, трикотаж ва озиқ-овқат маҳсулотлари ҳажми кескин ошганини эътироф этди. - 2016 йилда Ўзбекистондан пахта толасини етказиб бериш 3 минг тоннадан 9,7 минг тоннага етказилди ва умумий ҳисобда 14,8 миллион долларни ташкил этди. Ўзбекистон Россияга пахта толасини етказиб бераётган мамлакатлар қаторида бешинчи ўриндан учинчига кўчди, деди вазир муовини.