62 яшар ўқитувчи ўқувчи қизни "репетиторлик" баҳонасида мунтазам зўрлаганликда гумонланмоқда HD
Сурхондарё вилояти Олтинсой тумани ҳуқуқ тартибот органлари 62 яшар химия ўқитувчисининг ўқувчи қизни бир ярим йил давомида мактаб ҳудудида мунтазам жинсий зўрлаб келгани юзасидан тергов олиб бормоқда. (Ўқувчи қиз ва ўқитувчининг исми Озодликка маълум, лекин тергов сири важидан таҳририят буни очиқламайди.) Туман ички ишлар бўлими терговчиси Озодликка мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 128-моддаси ( ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш) бўйича жиноят иши қўзғатилгани ва дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилаётганини айтди. Ўз ўқувчисини жинсий зўрлашда гумонланаётган ўқитувчи ишдан бўшатилган ва унинг 60 ëшдан ошгани эътиборга олиниб ¸ қамоқ эҳтиёт чораси қўлланмаган. Ўзининг 62 яшар химия ўқитувчиси томонидан мактаб ҳудудида 1¸5 йил муттасил зўрланганини иддао қилган ўқувчи қизнинг Озодликка айтишича, зўрлашлар силсиласи 2017 йил сентябридан 2019 йил мартига қадар давом этиб келган. - Домла менга ароқ ичирар эди, химия лабораторияси хонасига мажбурлаб киритиб, зўрлар эди. Баъзида кун ора, баъзида уч кунда бир. Айрим пайтлари дарсдан чақиртириб олиб, шу ишни қилар эди. Лаборатория хонасига кириш мен учун азоб эди. Биринчиси 9-синф бошларида бўлди. "Олимпиадага тайёрлайман", деб мени мактабда олиб қолди. Ўшанда алдаб ароқ ичирди, зўрлади. "Уйдагиларга айтма, айтсанг мактабдан ҳайдаласан, ҳеч кимга керагинг бўлмай қолади", деган гапларни айтиб қўрқитди. Қўрқиб¸ мен ҳам буни ичимда сақлаб келдим, - деди сурхонлик ўқувчи қиз Озодлик билан 5 сентябрь кунги суҳбатда. Озодликка гапирган онанинг айтишича, шу йил март ойида қизининг қўлида қиммат телефон ва пуллар пайдо бўлгани уларда шубҳа уйғотган.