Uzbek Мафияга яқин авторитет Ҳусан Московский сўроқ қилинмоқда HD
Жиноят оламида Ҳусан Московский, деган ном билан танилган тадбиркор Ҳусан Зиямуҳаммедов ҳибсга олингани билдирилди. Бу ҳақда Озодликка бир-биридан мустақил икки манба маълум қилди. Зиямуҳаммедов россиялик марҳум вор в законе Дед Ҳасан (Аслан Усоян) нинг Ўзбекистондаги вакили сифатида иш қилгани айтилади. Ўзбекистон тергов идоралари ва мамлакат бошқарув элитасига яқин манбаларнинг иддао қилишича¸ 58 яшар Ҳусан Зиямуҳаммедов Россияга изнсиз қишлоқ ҳўжалик маҳсулотлари, жумладан, хўл мева жўнатганликда ва ноқонуний валюта олди-сотдисини ташкил қилганликда айбланиб, душанба куни вақтинча қўлга олинган. Айни пайтда манбаларимизнинг таъкидлашича¸ Ҳусан Зиямуҳаммедовнинг бир неча ҳамкорлари устидан ҳам жиноят иши очилиб, улар қамоққа олинган. Озодликнинг Тошкентдаги манбалари бу ҳибсларнинг ортида Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик хизмати турганлигини айтмоқда. Бошқа манбалар эса Ҳусан Зиямуҳаммедовнинг душанба куни Тошкентда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Терроризмга қарши кураш бошқармаси зобитлари тарафидан қўлга олинганини билдирди.