Икки адвокатнинг шариатни Конституциядан устун қўйганига оид МХХ иддаоси рад этилди HD
Шу йилнинг 25 июлида Тошкент шаҳар адвокатлар палатасининг малака комиссияси икки адвокатнинг касбий одоби ва малакасига оид МХХ мулозими киритган тақдимномани кўриб чиқди ва унда илгари сурилган талабни рад этди. Озодлик бу ҳақдаги маълумотни тилга олинган палата мулозимидан олди. Маълум бўлишича, МХХнинг Тошкент шаҳар бошқармаси тергов бўлими бошлиғи, подполковник Б. К. палатага киритган тақдимномада адвокатлар касбий малакасизликда ҳамда "исломий давлатда яшашни афзал", деб билишда айбланган. Адвокатлардан бирининг Озодликка айтишича, уларнинг "исломчиликда" айбланишига ифтор пайтида оғиз очиш учун сув сўрагани сабаб бўлган бўлиши мумкин. МХХ зобитининг тақдимномаси Нусхаси Озодликда мавжуд 3 варақли тақдимномада айтилишича, МХХнинг Тошкент шаҳар бошқармаси тергов бўлинмаси юритувидаги 9406-сонли жиноят иши бўйича тергов даврида айбланаётган шахснинг адвокатлари “касбий одоби ва малакасига мутлақо нолойиқ тактикани қўллаган”.