Озодлик журналисти: "Ўзбекистон олий суди мендан ўч олиш учун уйларимизни тортиб олди"- BBC Uzbek
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Озодлик радиоси журналисти Шуҳрат Бобожонов ва унинг икки укаси - Қудрат ва Ғайрат Бобожоновларга тегишли уйни мусодара қилиниши борасидаги қуйи суд инстанцияси қарорини ўз кучида қолдирди. Шуҳрат Бобожоновнинг Би-би-сига айтишича, Ўзбекистон ҳукумати ундан мустақил журналистик фаолияти учун унинг кўчмас мулкини тортиб олиш билан ўч олмоқда. Уч ака-ука мулкининг бозордаги бугунги қиймати 180 минг долларга тенг. Ўтган йил февралида Урганч туман суди Фуқаролик кодексининг 191 моддасига биноан, Шуҳрат Бобожоновнинг Урганчдаги уйида ҳеч ким яшамаётганини даъво қилиб уйни давлат тасарруфига мусодара қилиш қарорини чиқарганди. Судга Бобожоновлардан ҳеч ким чақирилмаган. Бу қарор ҳақида Бобожоновлар оиласи август ойида билиб қолганлар. Суд, шунингдек, уй давлат кадастрида қайд қилинмаганини айтган. Лекин, Бобожоновнинг Урганч туманида яшовчи укаси Ғайратнинг Би-би-сига айтишича, уй бўш эмас ва барча ҳужжатлар жойида. Би-би-си бу ҳужжатлар билан мустақил равишда танишиб чиқди. Шуҳрат Бобожонов айни уй қурилган ер унга Урганчда ўқитувчи бўлиб ишлаган даврида давлат томонидан берилганини тасдиқловчи ҳужжатга эга. Унга кўра, бу уйни қуриши ортидан маҳаллий ҳокимият уйни рўйхатдан ўтказишдан мунтазам равишда бош тортиб келишган.