Ўзбек матншунос олими "ўзбеклар туркий эмас", деган ғояни рад этди HD
Қадимги Хитой манбалари асосида “Қадимий турклар тарихи” китобининг муаллифи профессор Аблат Хўжаев Озодлик билан суҳбатда замонавий ўзбекистон аҳолисининг икки этник илдизли (эроний ва туркий) экани ҳақидаги академик Аҳмадали Асқаров ғоясини рад қилди. Академик Аҳмадали Асқаровнинг “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйида яқинда нашр этилган “Ўзбек халқининг келиб чиқиш тарихи” китобдаги “ўзбеклар этногенези туркий бўлмаган қавмлардан ташкил топгани” ҳақидаги тезис бу соҳани чуқур ўрганган олимларнинг алоҳида эътирозини уйғотган эди. Шу боис Озодлик радиоси бу масала борасида профессор Гога Ҳидоятов дохил бир қатор мутахассислар фикрларини эълон қилди. Профессор Гога Ҳидоятов Озодлик радиосидан чиқиш қилиб, Аҳмадали Асқаровнинг “Ўзбек халқининг келиб чиқиш тарихи” китобини “тарихни безбетларча сохталаштириш”, деб атаган эди. Бу дастур эфирга берилганидан бир ой ўтиб тўрт нафар олим имзоси билан Озодлик радиосидаги бу дастурга эътироз билдирилган “мактуб” етиб келди. Бу мактубга “имзо қўйган” олимлардан иккитаси Озодлик билан суҳбатда бундай мактубдан бехабар эканликларини айтишди.